Янгиликлар 1076
Қамаши инфратузилмаси аҳволи: Эшакда туғуруқхонага етолмай, йўлда кўзи ёриётган аёллар
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармонлари билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қабул қилинган эди. Ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Лекин ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу борадаги ишлар вақтинча тўхтатилган эди.
Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳалла мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда. Қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди.
2021 йил 13 август куни ижтимоий тармоқлардаги Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги “Қизилқишлоқ” қишлоғининг ҳомиладор аёллари эшакда туғруқхонага бориши, баъзида туғруқхонага етмай, йўлда фарзанд кўраётганлиги, қишлоқда аслида ҳеч қандай ифратузилманинг ўзи бўлмаганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
Бу қишлоқ, янги имкониятлар даврида имкониятлар етиб бормаётган қишлоқ. Қишлоқнинг ҳомиладор аёллари эшакда туғруқхонага боради. Баъзида туғруқхонага етмай, йўлда фарзанд кўрадилар. Болалари ўқиётган мактабда доска ва парталар етишмайди. Атрофи ўралмаган, қўй-қўзи ва эшаклар мактаб атрофида ўтлаб юради. Қишлоқ йўлларида касалхонага етолмай одамлар ҳалок бўлади. Аҳолининг тиббий эҳтиёжи учун қишлоқ врачлик пункти йўқ. Бу қишлоқда аслида умуман ифратузилманинг ўзи бўлмаган.
Қашқадарёнинг, Қамаши туманидаги “Қизилқишлоқ”нинг номи ва аҳолисидан бошқа тараққиётни эслатувчи биронта унсури йўқ.
“Қишлоғимиз аёлини икки қоп сомон ортилган отга ётқизиб туғруқхонага олиб борганман. Касалларни эшакда касалхонага олиб борамиз. Бизни қишлоққа умуман тез тиббий ёрдам машинаси келмайди. Мен ўз машинамда бир неча йилдан бери қишлоғимизнинг 38 нафар аёлини туғруқхонага элтганман. Уларнинг 8 нафарини машинамда кўзи ёриган. Бир нечта аёл ва гўдаклар йўл қийинчилиги сабаб, касалхонага етмай нобуд бўлган”, дейди Оққишлоқ фуқароси Нормамат Раҳимов.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Қамашидаги Қизилқишлоқ ва Оққишлоқларда қўл билан йўл қилинган. Ҳозиргача 1945 йилдаги ўша йўл аҳоли корига яраб келмоқда.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Саодат Атақулова ҳамда Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони Мухаббат Шарапова, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Комила Карамова Қизилқишлоқ қишлоғи фуқароларининг турмуш тарзини ўрганиш мақсадида қишлоқда бўлишди. Фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишди. Йўл, ичимлик суви, тиббий хизмат, электр энергияси таъминоти бўйича қилинган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар тайёрлашди.
Яқин кунларда туман ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.
Халқнинг умиди катта бўлган депутатларимиз томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига ушбу қишлоқни киритишда муваффақиятлар тилаймиз.
Саодат АТАКУЛОВА,
Халқ депутатлари Қамаши туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг