Қашқадарёда имконият кўп

04.12.2020 11:12:32

 

Давлатимиз раҳбари яқинда Қашқадарё вилоятига ташриф буюрган эдилар. Ташриф давомида мазкур вилоятнинг мамлакат миқёсидаги ўрнига алоҳида тўхталиб, ривожланиш ва тараққиёт учун кенг имкониятлар мавжуд эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, бугун Қашқадарё вилояти юқори салоҳиятга эга бўлиб бораётган вилоят. Бошқа вилоятларга қараганда табиий ресурсларга бой. Дехқончилик, чорвачилик учун ҳам барча имкониятлар етарли. Сўнги йилларда амалга оширилган туб ўзгаришлар туфайли айниқса, вилоят бугун янада кўркамлашди, аҳоли яшаш шароити учун кўплаб қулайликлар юзага келди. Аммо бу вилоятдаги имкониятлар тўлиғича сафарбар этилса, ўзгаришларда яна ҳам туб бурилишлар ясалишига ишонамиз. Масалан, мамлакатимиз Президенти таъкидлаганларидек, энг долзарб масалалардан бўлган иш ўрни муаммоси ҳал этилиши лозим. Шунингдек, мелиорация, чорвачилик ва узумчилик ҳам оғир ахволда. Вахоланки, буларни яхшилаш ва йўлга қўйиб олишга имкониятлар етарли. Фақат биргина ҳаракат ва қатъий хоҳиш-истак бўлса бас. Қашқадарё халқи ўз зиммаларидаги бу вазифани ҳам тўлиқ ишонч билан адо этишади. Шунингдек, Президентимизнинг вилоят Ёшлар марказидаги ёшлар билан учрашуви, янги қуриб фойдаланишга топширилган технопаркка ташрифи ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлди. Учрашувдаги ёшларнинг чақнаб турган кўзларида она Ватанга бўлган ҳурмат ва меҳр яққол ифода бўлгани сезилиб турди. Юртбошимиз улардаги жўшқинлик ва шижоатни тилга олар экан, ёшларни янада кучли ва янгиликлар йўлида интилувчан, ҳаракатчан бўлишларига чақирди. Технопаркка янги-янги ғояли ёшлар, дастурчиларни жалб этиш, информацион технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда ушбу соҳани ривожлантириб, юқори босқичга олиб чиқиш зарурлигига ҳам урғу берди. Чиндан ҳам бугун нафақат Қашқадарё, балки бутун республикамизда IT  соҳаси гуллаб-яшнаши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. “100 миллион дастурчи” лойиҳаси шулар мисолига киради. Ёшлар бу лойиҳа доирасида ўз ғоя ва кашфиётларини амалга оширишда ташаббус кўрсатишмоқда.

Ҳа, имкон топаман десанг, ҳамиша имкониятлар атрофингда бисёр эканлигини англайсан. Зеро, “Юрган дарё – ўтирган бўйра”дир. Қашқадарё вилояти ҳам яқин келажакда республиканинг энг олди вилоятларидан бирига айланишига ишонамиз.

Мирзоҳид АБДУКАДИРОВ,

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+