Янгиликлар 1626
Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ҳар йили қабул қилиб келинаётган Давлат дастурлари доирасида ўз сайловолди дастурида белгилаб олинган мамлакатда Конституция ва қонунлар устувор бўлиши, қонунларнинг халқчиллиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амал қилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатиш ҳамда “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият”лиги тўғрисидаги конституциявий тамойилни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашда зарур бўлган “давлат ва жамият томонидан инсон қадр-қиммати ҳимоя этилиши ва ҳурмат қилиниши лозим”лиги тўғрисидаги янги тамойил билан тўлдиришга оид бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
Жумладан, 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга мўлжалланган Давлат дастурининг 223-бандида ҳам партия сайловолди дастуридаги вазифаларга ҳамоҳанг бўлган қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мазкур мазкур ҳаётбахш вазифалар амалиётга жорий этилмоқда.
Эндиликда, қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштирилади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга юборилган мурожаатларнинг муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмаслигини ҳамда қабул қилувчига зудлик билан юборилиши қатъий таъминланади.
Шунингдек, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилиниш механизмлари такомиллаштирилади.
Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтлари кенг жалб қилинади. Уларнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлиги таъминланади. Қийноққа солишнинг олдини олиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг миллий институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Жамоатчилик гуруҳлари гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириб боради.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитлари, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органлари ва жамоатчиликка етказиш ҳам жамоатчилик гуруҳларинг асосий вазифаси этиб белгиланмоқда. Шунингдек, кенгаш аъзолари қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишида иштирок этади.
2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Бош прокуратура, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан 2021 йил 1 декабрга қадар Жиноят кодексида қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси” (Нью-Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг амалиётга жорий қилиниши, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм ҳамда мажбурий даволаш муассасаларидаги шахслар томонидан қилинган қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ва айбдор шахсларнинг ўз вақтида муқаррар жавобгарликка тортилишини таъминлайди. Бу эса, инсон шаъни ва қадр қимматини таъминлаш борасида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари
Фикрингизни қолдиринг