Қишлоқ шифокорларига имтиёзлар берилди

10.11.2020 18:11:52

Мамлакатимиз тиббиёти ҳақида гап кетганда кўплаб ўзгаришлар, муваффақиятлар билан бир қаторда ечимини кутиб турган муаммолар ҳам борлигини тан олишга мажбурмиз.

Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тизимда олиб борилаётган ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинидаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Видеоселекторда давлатимиз раҳбари томонидан  кадрлар масаласига катта эътибор қаратилди. Президентимиз томонидан бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати борлиги, лекин унда бор йўғи 12 минг мутахассис ишлаётгани таъкидлаб ўтилди. Бунинг сабаби олий ўқув юртини битирган ёш шифокорларнинг қишлоқларга келиб ишламаётганлиги, эндиликда уларни жалб қилиш учун “Қишлоқ шифокори” дастури ишлаб чиқилиши белгиланди.

Дунё бўйича COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди.  

Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бу курашга минглаб тиббиёт ходимлари сафарбар этилиб, улар ўзларини аямасдан, жонларини гаровга қўйиб, халқимиз саломатлигини сақлашда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Лекин бугун қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларида беморлар учун шароитлар талаб даражасида эмаслиги сабабли, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш паст даражани кўрсатмоқда.

Дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик маблағ билан рағбатлантириш, хизмат уйлари ажратиш  жорий этилиши айтилди. Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни, аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ишонамизки, қишлоқ шифокорларига берилган бу имтиёз уларни ўз устида тинимсиз ишлашига, касбига садоқат билан ёндашиб, ҳалол иш олиб боришга ундайди. Олис қишлоқларда жорий йилда 798 та оилавий поликлиника очилди. Соҳа бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Ҳа, кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Аммо бу мамлакат олдида турган юксак мақсадлар учун етарли эмас. Ташхис ва даволашда малакали тиббий хизматлар, технологиялар энг чекка қишлоқларга ҳам етиб бориши керак. Бу жараён эса аниқ ечимни, самарали механизмни талаб қилади.

Видеоселекторда  илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланиб, уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради.

Давлатимиз раҳбарининг айнан тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинига эътибор қаратаётгани замирида жуда катта моҳият мужассам. Биринчидан мамлакатимиз аҳолисининг кўп қисми қишлоқларда истиқомат қилаётган бўлса, иккинчидан бемор марказлардаги машҳур клиникаларга боришдан олдин қишлоқ врачлик пункти шифокорига учрашади. Беморга биринчи ташхис нотўғри қўйилса, у то касаллигини аниқлагунга қадар касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб кетади. Бу аксарият ҳолларда фожеа билан тугаши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи бўғиндаги тиббиёт муассасаларни малакали, ўз соҳасини пухта биладиган, замонавий тиббиётни тушунадиган ва ҳалол кадрлар билан бойитиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар тиббиётимизда юз берадиган инқилобий ўзгаришларга мустаҳкам пойдевор яратишда асос бўлади.

Зеро, тиббиёт соҳасини юксак даражага кўтариш бу мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз равнақи йўлидаги энг муҳим вазифадир.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+