Қон бериш - соғлом киши учун инсоний вазифа

06.12.2021 16:12:06

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан мунтазам йилда икки маротаба “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан вилоят қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Дастлаб, партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан ушбу акцияни юқори савияда ташкил этиш бўйича оммавий ахборот воситалари, сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқларида эълон берилди.

Мазкур акцияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборат эди.

Меҳринисо Маматқулова, кўнгилли донор:   

- Қон бериш – жони хавф остида бўлган инсонларга ҳаёт ҳадя этишдир. Ҳаёт ҳадя этиш - савоб ишнинг энг олий ифодаси саналади. Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим. Кўплаб инсонлар қон топширишади. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб беради.  Кимгадир малҳам бера олиш имконияти ўзмизда борлигини англашнинг ўзи бизни савоб ишга бошлади. Акция давом этар экан, барча-барча инсонлардан бемор кичкинтойларга ёрдам бериш учун қон топширишларини сўраб қолар эдик. Бу ҳар бир соғлом киши учун инсоний вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлаш жоизки, акция давомида мутахассислар томонидан иштирокчи донорларга қон топшириш имкониятлари ҳамда хавфсизлиги, унинг бошқа инсонлар ҳаётига зарурлиги ҳамда саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида тушунчалар берилди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу хайрия тадбири юртимизда саховатли инсонлар кўплигини намоён этиш билан бирга, одамларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга ундамоқда.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+