Янгиликлар 1577
Қонун лойиҳаси билан коррупцион ҳолатларнинг олди олинади
2021 йил йил 30 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши онлайн тарзида бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Давлат божхона қўмитасида мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд этиладиган ҳуқуқбузарликни баённома тузмасдан, жарима солиш ҳақидаги қарор асосида соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиладиган ҳолларда содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиладиган шахсларга аниқлик киритилмоқда.
Шунингдек, соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш ва кўриб чиқиш белгиланаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича ишни кўриб чиқадиган мансабдор шахснинг субъектив ёндашувининг олдини олиш мақсадида маъмурий жарималар миқдорини аниқ суммада белгилаш ҳамда соҳада мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд этиладиган ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ваколатларини божхона органларига ўтказиш масалалари ўз аксини топмоқда.
Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан божхона органлари автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқланган қоидабузарликлар бўйича маъмурий ишлар судларга юборилмасдан, ушбу тизим доирасида мантиқий ниҳоясига етказилишига, божхона қоидабузарликлари учун жарима солиш ҳақидаги қарор электрон тарзда тузилиб, маъмурий тартиботларда сарфланадиган вақт ҳамда харажатлар қисқаришига, ҳуқуқбузарга божхона постида жарима солиш қарори тақдим этилиб, шу жойнинг ўзида жаримани тўлаш имкони яратилишига эришилади.
Айниқса, қоидабузарликларнинг электрон тарзда кўриб чиқилишида, ходимларнинг фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқоти яъни инсон омилининг аралашмаслиги бу коррупцион ҳолатларнинг олди олишга хизмат қилишини депутатлар алоҳида эътироф этишди.
Фракция йиғилишида шунингдек, “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Хусусан, фарзанд асраб олиш учун 2018 – 2019 йилларда 1,9 мингтадан, 2020 йилда эса 1,5 минг нафар фуқаро васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган. Фарзандликка берилаётганлар эса ҳар йили ўртача 200 нафарни ташкил этади.
Депутатлар фарзандли бўлиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи эканлигини таъкидлаб, таҳлиллар республикада фарзандликка олиш истагини билдирган шахслар 4 мингдан ортиб кетганлигини айтиб ўтдилар. Бугунги кунда амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганни фарзандликка олишларига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Мазкур норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари яхни, иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар учун ҳам татбиқ қилиниши таъкидланиб, бу эса аксарият ҳолларда инсон ҳуқуқларининг чекланишига сабаб бўлмоқда.
Энг аҳамиятлиси, доимий даромадга эга бўлмаган ёки соғлиғи ҳолатига кўра ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажара олмайдиган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳуқуқларини чеклаш қонунда аниқ белгиланмаганлиги оқибатда фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани депутатлар эътирозига сабаб бўлди. Хусусан, 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жами 185 та жиноят аниқланган ва ушбу жиноятлар бўйича 286 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Шу мақсадда мазкур қонун лойиҳаси билан Оила кодексининг фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар рўйхатида муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олинишига таъқиқ ўрнига қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб шахсга фарзандликка олишни таъқиқлаш қоидаси жорий этилмоқда. Булар ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган жиноятлар, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа, шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар, тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ёхуд нодавлат тижорат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, бошқарув тартибига ҳамда одил судловга қарши жиноятлар сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларни содир этган шахсларга фарзандликка олиш тақиқланмоқда.
Йиғилишда лойиҳа билан фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган шахслар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхати асосида фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларнинг фарзандликка олишга бўлган ҳуқуқлари чекланаётганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Фракция депутатлари эътироф этганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминланади ва болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш, айниқса бола савдоси ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг