Янгиликлар 1689
Қонун лойиҳаси муҳокамаси нега кун тартибидан чиқарилди?
Ҳокимият вакилига, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарликни кучайтириш ҳақидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисининг кун тартибидан олиб қуйилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳасида Жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиш киритиш орқали ҳокимият вакилига қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарликни кучайтириш натижасида ҳокимият вакилларининг, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари ёки Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш назарда тутилган.
Бироқ, сиёсий партияларнинг фракциялари йиғилишларининг 1-ўқишдаги муҳокамаларида мазкур қонун лойиҳаси депутатларнинг баҳс-мунозарларига ва жиддий эътирозларига сабаб бўлди.
Депутатларнинг фикрига кўра, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда соҳадаги илғор хорижий тажриба етарли даражада ўрганилмаган, ушбу салбий ҳолатларни юзага келиш сабаблари ва омиллари, амалиётда учраётган ҳуқуқбузарликларнинг статистик маълумотлари тўлиқ таҳлил қилинмаган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, лойиҳага масъул этиб белгиланган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини депутатлар ва соҳа мутахассислари иштирокида яна бир бор атрофлича муҳокама қилиб, зарур таҳлилий ва статистик маълумотлар билан бойитган ҳолда қайта киритиш мақсадида бугунги мажлис кун тартибидан чиқариш сўралди.
Ушбу таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Таваккал ЧОРИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг