Қонун устувор бўлган юртда адолат қарор топади

09.12.2021 13:12:02

Мамлакатимиз истиқлолга эришгандан сўнг иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар замирида адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсадида бир қатор қонунлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси яратилди. Ушбу Қонун -  инсонларнинг яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, фикрлаш, сайлаш ва сайланиш, никоҳ тузиш, тиббий хизмат турларидан, турар-жой дахлсизлигидан, тил ва эътиқод, сўз эркинлигидан фойдаланиш ҳуқуқларининг асосий кафолатини таъминловчи Бош Қонун сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражага кўтарди. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Бош Қомусимизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида белгилаб қўйилди. Конституцияда эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси суверен демократик давлатдир. У ўз моҳиятига кўра, халқ манфаатини ифодалайди. Демократия ва ижтимоий адолат принциплари сиёсий ҳокимият фаолиятининг асосларини ташкил этади.

Аҳамиятли жиҳати Бош Қомусимизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги белгилаб қўйилган. Бунга янада тўлиқлик киритиш мақсадида – Конституциянинг 46-, яъни “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” моддаси қўшилгани, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқейини оширишга қаратилган эътиборнинг ёрқин намунаси деб фахр билан айтишим мумкин. Айнан ушбу моддаси билан ҳам Бош қонунимиз бошқа давлат Конститутциялардан фарқ қилади.

Шу ўринда қайд этиб ўтишим жоизки, “Адолат” СДП Устави ва сайловолди дастуридаги асосий мақсад ва ғоялари Конституциямиз билан уйғунлашган, унда инсонни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб эътироф этиб, халқимизнинг манфаатига, инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланганлиги ўз ифодасини топган. Шу мақсадда, Конституциянинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, мазмун-моҳиятини халқ, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятига сингдириш, қонунларга нисбатан юксак ҳурмат муҳитини яратиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро ўзининг конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларини тўла идрок этиш орқали ўзлигини мукаммал англаб етишишларига эришиш учун партиямиз томонидан ҳар йили анъанавий тарзда “Конститутция билимдони” кўрик-танлови ўтказиб келинади. 2019 йилда ана шу танлов иштирокчисининг отаси томонидан айтилган гап ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Конститутцияни жуда яхши кўраман. Фарзандларимга ҳам уни моҳияти ҳақида кўп гапираман. Энг аввало одамлар Конститутция нима эканлигини англаб етиши керак. Конститутция бу-фарзандимни мактабда таълим олиши, Конститутция бу-ўзим ёқтирган касбим билан шуғулланишим, Конституция бу- фарзандларим эмин-эркин кўчада юриши, оддий қилиб айтганда, бозорга бориб иккита нон олиб келиши учун бехавотир чиқа олиши. Улар тинч, осойишта, фаровон даврларда яшаяпти. Қўлини чўзса осмонга етади. Уларни бугун жаҳондаги тенгдошларидан кам ери йўқ. Ҳар соҳада қатор муваффақиятларга эриша олади. Буларнинг барчаси бахтли келажакни ўзида акс эттирган конституциямиз туфайли, десам янглишмайман” деган эди.

Бундан англанадики, Конституциямизнинг энг юқори чўққисида инсон, фуқаро ва унинг қонуний манфаатлари қўйилган.  Шу билан бир қаторда, Асосий Қомусимиз улкан маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга. Унда инсонпарварлик ҳамда адолат ғоялари мустаҳкамланган, унинг замирида ўзбек халқининг бой ички маънавий дунёси, саховати ва маданияти акс этган. Ҳақиқатдан ҳам, оналарга, аёлларга чексиз ҳурмат, болажонлик, етимларга мурувват, меҳр-шавқатлилик, оила мустаҳкамлиги учун ғамхўрлик, фарзанд тарбияси ва соғлом авлод учун курашиш халқимизнинг меҳрибон ва сахий қалбини, улуғвор салоҳиятли табиатини намоён этувчи фазилатларнинг барчаси Конституцияда ўз аксини топган.

Давр шиддат билан ривожланмоқда, ахборотлар кўлами шу қадар кенгки, инсониятнинг ақлини шоширади. Табиийки ҳар бир соҳада ўзгаришлар, ислоҳатлар олиб борилмаса, ўша соҳада ривожланиш кўзга ташланмайди. Ёки яна бир мисол, бундан 29 йил илгари қурилган иморатларга ҳам табиийки замонга мос равишда ўзгартиришлар киритилади. Бу давр талаби.

Худди шу каби қонун устувор бўлган ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция энг устувор аҳамият касб этади. Демакки, Конституция ҳам доимий ҳаракатдаги, ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги ҳужжат бўлиши зарур. Бош Қонун ўзида ўша давр шиддатини, ўзгаришларини акс эттира олиши керак.

1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилиниб, ўзида давлат ва жамият ривожланишининг демократик тамойилларини акс эттирган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳам жамият ҳаётида рўй бераётган демократик ислоҳатларга монанд  14 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Менинг фикримча тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини, шунингдек вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини халқ сайлашини йўлга қўйиш, кенгашлар фаолияти ва ваколатларини конститутциявий йўл билан мустаҳкамлаш лозим.

Албатта Конститутцияда ушбу йўналишларни акс эттирилиши бугунги давр шиддатига ҳамоҳанг равишда жамият ривожи учун янада кенг йўл очади. Агар Бош Қомусимизга айни дамга қадар киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга ҳам эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг таг замирида инсон манфаатлари ётганлигини кўрамиз. Бир сўз билан айтганда, бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар халқ ҳокимиятнинг бирдан бир манбаи эканлиги ҳақидаги тамойилнинг амалдаги ифодасига айланиб бормоқда.

Муҳиба Бабабекова,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+