Қонун устуворлиги — адолат тамойили

15.01.2021 11:01:04

Адолатни қарор топтириш, адолатпарварлик ғоялари асосида фаолият юритиш ҳар қандай мамлакатнинг, ҳар қандай жамиятнинг асосий тамойили ҳисобланади. Ҳар бир давлат адолат ғоясини ўзига асос қилиб олар экан, шу орқали халқининг осойишталигини таъминлаш, тинчлигини сақлаш, низоларни бартараф этиш, тараққиёт йўлини белгилаб олиш имкониятига эга бўлган. Шу сабабли куч — адолатда ғояси барча даврлар ва давлатлар учун юксак аҳамият касб этган.

Бугун ҳам давлатчиликнинг юксаклишини адолат тамойилисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев “Адолат — давлатчиликнинг муҳтаҳкам пойдевори”, дея эътироф этганди. Мустаҳкам пойдеворни барпо этиш, адолатни қарор топтириш эса ҳуқуқ соҳасини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш туфайли юзага келади. Кейинги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб янгиланишлар, ўзгаришларни ўз ичига олган, қонунчиликни янада мукаммаллаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Фақат сўнгги 4 йил ичида қонунчилик базасини тўла шакллантириш, ҳуқуқ соҳасини либераллаштириш, судлов тизимида шаффофликни юзага келтириш, адолатпарварлик тамойилларини қарор топтириш ва шу каби кўплаб масалалар билан боғлиқ ҳолда 40 дан ошиқ қонун, фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилинди.

Ёхуд ўтган 2020 йилда инсон ҳуқуқлари тўла тўкис таъминланиши йўлида суд қарорларини қайта кўриш институти ташкиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят процессуал, Иқтисодий, процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар лойиҳалари тайёрланиб, қабул қилинди.

Табиийки, ҳаёт ўзгаргани, тараққиёт кучайгани, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг миқёси кенгайгани сайин жиноят ва жазони баҳолашда янги мезонларни юзага келтириши шубҳасиз. Бу эса суд-ҳуқуқ тизимида ҳам янгиланишлар бўлишини талаб этади. Эътибор беринг, шу пайт­гача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Яъни, суд ишидан қониқмасангиз, яна шу судга ишингиздан қониқмадим, деб шикоят ёзардингиз. Бундай ҳолда, албатта, суд вакиллари жиноят ишини кўриб чиқишда ўзининг аввалги чиқарган ажримни тасдиқлашга уринарди. Шикоятчи эса бу ҳолатдан қониқмасди. Натижада бир жиноят иши 3-4 марта, ҳатто 6-7 мартагача судларда қайта-қайта кўрилар эди. Баъзан ҳақ-ноҳаққа, ноҳақ ҳаққа айланарди. Бир неча ўнлаб одамлар йиллар давомида сарсон бўларди, инсон ҳақ-ҳуқуқларига зиён етарди. Тасаввур қилинг, 2019 йилда вилоят судлари томонидан қабул қилинган 13 мингта қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинган.

Демак, ҳаётнинг ўзи суд-ҳуқуқ тизимида бундай талабга жавоб бермайдиган қонун-қоидаларни бартараф қилишни заруратга айлантирди. Шу сабабли мамлакатимиз Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жорий йилдан бошлаб “Бир суд — бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим”лигини алоҳида таъкидлади. Хўш, бу янгилик, ислоҳот ижтимоий ҳаётимизда, суд-ҳуқуқ тизимида қандай афзалликларни юзага келтиради. Энг аввало, бу йилдан бошлаб, республикамизда бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари бартараф этилади. Халқаро стандартларга мос келадиган уч босқичли суд тизими яратилади. Яъни, биринчи инс­танция — туман, шаҳар судлари, апелляция инс­танцияси — вилоят даражасидаги судлар, кассация инстанцияси — Олий суддан иборат бўлади. Бу жараёнда бир ишни суддан судга оширишлар, одамларнинг сарсонгарчиликлари барҳам топади. Суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади. Одил судлов жараёни юзага келади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Шу билан биргаликда, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимига оид яна бир янгиликка эътиборни қаратди. Яъни, жорий йилдан бошлаб “Фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади. Шунингдек, бу йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни даст­лабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади”.

Бошқача айтганда, бу ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимида қонун устуворлигини қарор топтиришга, адолат тамойилини бар­қарор этишга, фуқароларда бу тизимга нисбатан ишонч ва ҳурматни кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, қонун устувор бўлган юртда адолат тамойили қарор топади.

Ҳамид ШАМШИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси,

Зафар БОБОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+