Қонунчилик палатаси депутатлари  Фарғонадаги болалар онкологияси  ҳолати билан танишдилар

17.06.2021 16:06:33

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  Қарорининг ҳудудлардаги ижросини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари – Музаффара Абдиева ва Мавлуда Адҳамжоновалар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона филиалида бўлдилар.

Қонунчилик палатаси депутатлари марказ фаолияти, шифокорлар ва ўрта тиббиёт  ходимлари билан таъминланиш даражаси, моддий техник базаси, болалар онкологияси ҳолати ва асосий кўрсаткичлари, онкопедиатрлар билан таъминланиш даражаси, болаларга диспансер назоратини олиб борилиши савияси бўйича ҳолат билан танишдилар.

Бобур Примқулов бошчилигидаги  марказ шифокор ва ҳамширалари билан учрашиб, соҳа ривожига қаратилган таклифлари, уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан суҳбатлашилди. Эътиборлиси, болалар онкологияси бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили ва ўзгаришлар депутатларнинг эътирофига сазовор бўлди.

- Бугунги кунда 800 нафардан зиёд болалар онкологик касалликлар бўйича даволанишди,  – дейди Отабек Каримов. –  Биргина  2020 йилнинг ўзида 300 нафар болаларни жарроҳлик, кимётерапия йўли билан соғломлаштиришга эришилди.  Йилдан йилга  давлатимиз томонидан   онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даволашга қаратилган кўплаб  ислоҳотлар олиб борилмоқда.  Кимётерапия воситалари билан таъминлаш даражаси ҳам 80-90 фоизга ошганлигининг ўзи бунинг ёрқин мисол бўла олади.  Қолаверса, жорий йилнинг 28 майдаги «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори ҳам бу борада муҳим қадамлардан биридир.

Марказ ходимлари билан кечган самимий мулоқотдан сўнг, депутатлар  шифохонада даволанаётган бир гуруҳ болалар ҳолидан хабар олишиб,  улар билан мулоқот қилишди. Уларга партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди. Гулеҳра Комилжонова, Шаҳодат Қорабоева, Элёрбек Адҳамов, Солиҳабегим Бахтиёрова, Фарангиз Бахтиёровалар ҳали ёш бўлишига қарамай, хасталик не эканлигини яхши билишади. Соғлом ҳаётга қайтиш, дўстлари даврасида бўлиш, таълим олиш истагида мурғак вужуди касаллик билан курашиб келмоқда.

- Қизим Зуннурабону  11 ёшда, – дейди  онаси Дилноза Қозиева. – бўйин қисмида лимфа бези пайдо бўлганида қўрқиб кетгандик.  Марказда муолажаларни олиб боряпмиз.  Қизимнинг кўзларидаги қувончни кўриб, саломатлиги тикланаётганидан жуда ҳурсандман.

Депутатлар бемор болалар учун қўшимча қулайликлар яратиш, уларнинг фақатгина ётиб даволаниши билан чекланиб қолмасдан, балки руҳиятини кўтаришга қаратилган ўйинлар ўтказиш, маданий ҳордиқ олиш, ҳаётга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган  қўшимча шароитлар яратиш зарурлигини таъкидладилар.

Фракция аъзоларига Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шерзод Каримов ҳамроҳлик қилди ҳамда ўрганишлар давомида партия дастурлари доирасида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирди.

 

Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+