Қонунчилик палатаси депутатлари ўрганишлари: Тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш мақсадимиздир

20.06.2021 15:06:40

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари – Музаффара Абдиева ва Мавлуда Адҳамжоновалар томонидан Фарғона вилоятидаги аҳолига онкологик ёрдам кўрсатилиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Депутатлар Фарғона шаҳар марказий кўп тармоқли  поликлиникада бўлиб, онкологик кабинетда яратилган шароитлар билан танишдилар.  Фарғона  шаҳар  оилавий поликлиника  оилавий шифокорлари билан кечган мулоқот давомида тиббиёт вакилларининг таклифлари қайд этиб борилди.

Ўрганишлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  илмий-амалий тиббиёт марказининг Қўқон филиалида давом этди.  Онкологларнинг  штат нормативи бўйича таъминланганлик даражаси,  унда ёш мутахассисларнинг улуши, малакасини ошириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича филиал раҳбари олий тоифали радиолог А.Тўйчибоев  маълумот берди. Мулоқот давомида тиббиёт масканида таъмирлаш ишлари олиб борилгани, замонавий тиббий жиҳозлар келтирилгани,  биргина  2020 йилга нисбатан эътироф этишга арзигулик ўзгаришлар  содир бўлганлиги таъкидланди.

Айтиш мумкинки, бугунги кунда филиал Қўқон шаҳар ва атрофидаги 7 та - Ўзбекистон, Фурқат, Бешариқ, Данғара, Учкўприк, Бувайда, Боғдод туманларидаги 1 миллион 700 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатади.

Шифохонадаги мавжуд қулайликлар, аниқланаётган беморлар улуши, уларга  ажратилган жойларнинг сони ва талабга нисбатан етарлилиги, дори-дармонлар билан таъминланиш даражаси, онкокасалликларда юқори технологик операциялар улуши, телемедицинадан фойдаланиш даражаси сингари масалаларнинг барчаси депутатларнинг эътиборидан четда қолмади.

- Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ривожига қаратилган кўплаб меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиняпти. Уларнинг бирламчи бўғинларда  ижросини таъминлаш жуда муҳим. Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш зарур, – дейди  депутат Мавлуда Адҳамжонова. –   Мавжуд муаммоларни  ўрганиш, таҳлил қилиш орқали мутасадди ташкилотларга етказиб, биргаликда  унга ечим излаймиз.  Қолаверса, келгусида  соҳага оид  қонунлар муҳокамасида ҳудудлардаги  мавжуд ҳолатни инобатга олиш, тиббиёт вакиллари сифатли хизмат кўрсатишига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш мақсадимиздир.

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+