Янгиликлар 1455
Қонуний жазо чораларини кучайтирмасдан, коррупцияни бартараф этиб бўлмайди
Ижтимоий тармоқларда «Навоийда ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора тариқасида берган 100 доллар пулини ютиб юборди», кейинроқ, «Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимига берган порасини ютиб юборган қонунбузарга чора кўрилди» сарлавҳали мақолалар эълон қилиниб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мақолада келтирилишича, Навоий шаҳар ҳудудида жойлашган «Қарнаб» кузатув блок постида 1-сменада хизмат олиб бориш учун жалб этилган ЙПХ инспектори сафдор Зафар Муҳаммадов Қарнаб—Навоий йўналишида ҳаракатланиб келаётган Nexia-1 автомашинасини ҳайдовчи хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани сабабли тўхтатган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда тошкентлик ҳайдовчи М.А давлат рақами белгисини ўзгартиргани аниқланган. ЙПХ ходими тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштириб, автомашина жарима майдонига олиб борган. Қоидабузар фуқаро М.А эса ЙПХ инспекторига машинасини қайтариб бериш эвазига 1 миллион сўм пул таклиф этган.
М.А ходимнинг бир неча маротаба пора бериш қонуний жавобгарликка олиб келиши ҳақидаги огоҳлантирувига қарамай, таклифини тўхтатмаган. Шундан сўнг сафдор Муҳаммадов вилоят ИИБ бошлиғи номига ўз билдиргиси билан мурожаат этган. Эртаси куни фуқаро ЙПХ инспектори билан учрашиб 100 долларни унга берган. У ҳолатни ўрганиш учун келган ходимларни пайқаган заҳоти пулни олиб ютиб юборган.
Тиббиёт ходимлари М.А.да эндоскопик текширув ўтказиб, ошқозонидаги 100 долларни олган. Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати томонидан хабарлар тарқатилган.
-Мазкур ҳудудда жойлашган «Қарнаб» кузатув блок пости чекка дашт, чўл ҳудудлари орқали вилоятимизнинг Самарқанд вилояти ва Қашқадарё вилоятлари билан боғловчи муҳим йўл бўлганлиги боис ЙПХ томонидан жиддий назорат остига олинган.
Шу сабабли ушбу ҳудудда жойлашган блок пост орқали жуда кўплаб жиноятларни ва контрабанда товарларни кириб келиши олди олинишига хизмат қилади.
Юқоридаги ҳолатда ҳам қоидабузар фуқаро М.А ҳам вазиятдан силлиқ чиқиб кетиш мақсадида ЙПХ инспекторини пора эвазига оғдириб, қилмишини яширишга уринган, - дейди Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари ф.Якубов.
Умуман коррупция тўғрисида бугун мамлакатимизда кўп ва хўп гапирилмоқда, амалий изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, коррупция ҳолатлари кун сайин ортиб бормоқда. Бунга биринчи навбатда ушбу соҳадаги қонунчиликнинг яъни пора берувчи ва олувчига нисбатан жазо чораларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, фуқароларимизда пора орқали ўз ишини битириш мансабдор шахсни йўлдан уруш, нопок йўл билан топилган луқманинг нечоғли оғир гуноҳлини каби диний ва маънавий тарбиянинг етишмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу боисдан партиямиз ўзининг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришда авваламбор оиладан бошлаб тарбияни кучайтириш зарур деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга ОАВ орқали мазкур йўналишдаги тарғибот масалаларига алоҳида урғу бериш ҳамда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш шарт деб ўйлайман.
Рустам ХАЙИТОВ,
халқ депутатлари Навоий
вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг