Янгиликлар 613
Қорақалпоғистонда “Сайлов ва ёшлар” тарғибот акцияси бўлиб ўтди
Умуман олганда, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим жараён сифатида қарши олинмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларнинг ўзига хосликлари, афзалликлари бўйича кўплаб маълумотлар, муносабатлар эълон қилиняпти. Албатта, бу жараёнда аҳоли, айниқса, ёшларнинг фаоллигини ошириш, сиёсий билимини юксалтиришда ташкил этиладиган “Сайлов ва ёшлар” тарғибот акциясининг ўрни катта.
27 август куни Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мажлислар залида ҳудуддаги сиёсий партия кенгашлари вакиллари қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашди. Унда бўлажак сиёсий тадбирнинг аҳамияти, сайлов жараёнида ёшларнинг иштироки, сайлов қонунчилигида ўз аксини топган янгиликлар, аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғибот тадбирларидан унумли фойдаланиш борасида қизғин фикр алмашилди.
Сўзга чиққанлар сайлов ва сиёсий партияларнинг Сайловолди дастури лойиҳаларида кўзланган асосий мақсад, илгари сурилаётган янги ғоя ва ташаббуслар бўйича маълумот берди. Шунингдек, парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайлов муҳим сиёсий тадбир эканлиги, сайлов ёшига етган фуқаролар унда фаол иштирок этиб, мамлакат тақдирига дахлдорликларини амалда намоён этишлари борасида таклифлар билдирилди.
Учрашувда “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Ривож Отарбоев ҳам иштирок этиб, партиянинг ўтган 5 йилликдаги амалга оширган лойиҳалари, сайловчилар мурожаати билан ишлаш борасида қилинган ишлар юзасидан маъруза қилди.
Таъкидланганидек, “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибида 59 минг 146 нафар аъзо мавжуд бўлиб, уларнинг 24 минг 250 нафарини йигит-қиз ташкил этади. Шу вақтга қадар ёшларнинг мурожаат ва муаммолари билан ишлаш бўйича “Депутат ва ёшлар” учрашувлари, очиқ мулоқотлар мунтазам ўтказиб келиняпти. Ривож Отарбоев жорий сайловда ҳам партия ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўқиш ва иш фаолиятида манфаат ҳамда эркинликларининг тўлақонли таъминлаш бўйича муҳим ташаббуслар илгари суришини маълум қилди.
Учрашув якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга партия вакилларидан атрофлича жавоб олишди.
Аманугул ЕСЕМУРАТОВА,
"Адолат" СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг