Қорақалпоғистонлик ёшлар IT соҳасини пухта эгалламоқда

20.08.2024 13:08:44

Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланмоқда.  Кейинги етти йилда юртимизда IT компаниялари сони 147 тадан 2 мингтага ошди. Уларда 30 минг нафар ходим юқори даромадли иш билан банд бўлиб, 70 минг нафардан зиёд ёшлар IT билан мустақил шуғулланмоқда.

Шаҳримизнинг бундан уч йил олдин кўримсиз, эски иморатлардан иборат бўлган ҳудудда, бугун  умумий майдони 10 600 квадрат метрдан иборат 17 қаватли муҳташам Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон филиали қад кўтарди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил юртимизга ташрифи чоғида ушбу IT парк лойиҳасининг тақдимоти билан танишган эди. Бугун лойиҳанинг натижаси шаҳримизнинг файзи бўлиб қад кўтарди. Халқимизнинг фахрига айланди.

Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 19 август куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.  Ташриф давомида давлат раҳбари мазкур замонавий  IT паркида бўлиб, IТ-парк резидентлари, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикрларини тинглаб, таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.\

Масалан, аввал АҚШнинг Amazon компаниясида ишлаган қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов юртимизга қайтиб, ўзининг HUPO стартапига 4 миллион доллар сармоя жалб қилган. Давлатимиз раҳбари у билан суҳбатлашиб, ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур бинода UZINFOCOM марказининг филиали ҳам жойлашган. Марказ  ёшларни uStudy дастури орқали замонавий касбларга ўқитади ва  малакаси оширилган кадрларни ўз соҳаси бўйича замонавий компанияларга ишга жойлайди. Давлат раҳбари юртимизнинг барча ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида шундай кўп қаватли бинолар қуриш зарурлигини ҳам таъкидлади.

– Уларда муҳит шундай бўлиши керакки, ёшлар ўзини эркин ҳис қилсин. Овқатланиш, дам олиш, спорт ва бошқа хизматлар мужассам бўлсин. Бинолар шаҳарлар марказида, ёшларга қулай жойда бўлгани маъқул, – дея таъкидлади юртбошимиз.

Ишонаманки, ўз ўрнида  қорақалпоқ ёшлари билдирилган ишонч ва эътибордан мамнун ва миннатдор бўлиб. юртбошимиз эътироф этган янги марралар ва янги ислоҳотлар даврида фаол иштирок этади. Муҳтарам Президентимизнинг юрт фаровонлиги ва ёшлар келажаги йўлида хизмат қиладиган бугунги ташрифи барчамизнинг эртанги кунга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлаган ҳолда, мен учун ҳам улкан масъулият ҳиссини юклади.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давом этмоқда.

Амангул ЕСЕМУРАТОВА -
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+