Янгиликлар 1432
Қорақалпоғистоннинг “Адолатли қайнона”лари аниқланди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан «Адолатли қайнона» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Кўрик-танлов карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда онлайн тарзда ташкил этилган бўлиб, барча туманлардан энг намунали, оилада маънавий муҳитни шакллантира олган, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган адолатли қайноналар иштирок этишди.
Танлов учта шарт доирасида ўтказилиб, 1-шарт онлайн ўзларини таништириш, 2-шарт оилавий альбом ишлаб чиқиш, 3-шарт ҳаётий воқеаларга ва миллий урф-одатларимизга асосланган, тарбиявий жиҳатдан намунали видеоролик тайёрлаш бўлди. Мазкур танлов иштирокчиларини адолатли баҳолаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгеси депутати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлар идораси вакилларидан иборат хакамлар ҳайъати ташкил этилди.
Танлов натижаларига кўра 3-ўринни ўзаро беллашувларда бирдек балл тўплаган ва тенг натижа кўрсатган Тўрткўл туманидан Мунаввара Юсупова, Нукус шаҳридан Гулистан Абдимуратова ва Нукус туманидан Айгул Нартаевалар эгаллаган бўлса, 2-ўрин Қонғирот туманидан Тохтахан Абдиева, Чимбой туманидан Жузимгул Алимбетоваларга насиб этди.
Танловнинг барча шартларида пухта тайёргарлик билан юқори натижа кўрсата олган Таҳтакўпир тумани иштирокчиси Жупар Мухамматдинова 1-ўринни эгаллаб Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлламани қўлга киритди.
Танлов якунида барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдирилиб тантанали тақдирлаш, яъни диплом ва эсдалик совғаларни топшириш маросими 5-август куни карантин қоидаларига амал этилган ҳолда, партия Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий Кенгаши биносида ўтказилиши маълум қилинди.
Бахадыр ЖУЗБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг