Янгиликлар 1925
Қорақалпоқ заминини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Барчамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди. Шу мақсадда янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланди. Бу жараёнларда бевосида Қорақалпоғистон Республикасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар ҳам фаол иштирок этишди. Жойларда аҳоли билан ўтказилган юзма-юз мулоқотлар натижасида ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётини белгилаб берувчи ҳуқуқий механизимарни ишлаб чиқиш борасидаги қонунчиликка киритилиши лозим бўлган механизмлар белгилаб олинди.
Ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда. Шунингдек, ривожланишдан ортда қолаётган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари ҳамда 45 та шароити оғир маҳалла ва овулларда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги ташкил этилган корхоналар ҳам имтиёзларга эга бўлмоқда.
Хусусан, белгилаб олинган дастур натижасида 17 та туман ва шаҳарнинг ўзига хос “ўсиш нуқта”ларидан келиб чиқиб, 2020-2022 йилларда умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилади. Натижада, 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 20 мингта янги иш ўринлари яратилади.
Мазкур дастурнинг энг асосий ҳаётий тамойиларидан яна бири бу Қорақалпоқ халқининг азалий турмуш тарзи бўлган қишлоқ ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлигида. Дастурда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш кабилар шулар жумласидандир. Аҳолини арзон гўшт ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида кунжут етиштириш ва наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, Хўжайли туманини чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш ишлари амалга оширилади.
Яна бир ҳудуд учун сўнгги йилларда кун тартибидаги асосий масала бўлиб турган Қорақалпоқ ҳудудининг сувга бўлган тақчиллигини ҳал этиш борасида ҳам бир қатор ташаббуслар амалга оширилади. Дастур доирасидаги бу борада белгилаб берилган вазифаларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида йилига 2,5 миллиард куб метр сувни тежаш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун Республикадаги 14 минг 200 километр каналларни таъмирлаш, 45 минг гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этиш, сув ажратиш нуқталарида ҳисоблагичлар ўрнатиш, 38 минг гектар майдонни лазер ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, видеоселектор йиғилишида қорақалпоқ халқининг неча йиллик муаммоларининг тизимли ечимига қаратилган ҳаётий ташаббус ва вазифалар белгилаб берилди. Галдаги вазифа эса биз депутатлар бор куч ва ғайратимизни ишга солиб мазкур ташаббусларнинг ўз ватида ва ўз ўрнида амалиётга жорий этилишини таъминлаш ҳамда доимий жамоатчилик назоратини олиб боришдан иборат.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг бу борадаги вазифалари қайд этиб ўтилди.
Дастурда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари бўйича алоҳида чоралар назарда тутилган. Хусусан, бу туманларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 2021-2023 йилларда 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда умумий қиймати 2 триллион 340 миллиард сўм бўлган 150 та лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳаларга бериладиган кредитларнинг фоиз ҳаражатлари Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан компенсация қилинади.
Давлатимиз раҳбари янги корхоналар ташкил этиб, аҳолини иш билан таъминлаш, оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилишда Қорақалпоғистон туман ва шаҳарлари қиёфасини янгилаш, йўллар ва уй-жойлар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Кейинги 3 йилда 856 километр автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, 2 минг 500 километр ичимлик суви тармоқлари қуриш ҳисобига таъминот даражасини 70 фоизга етказиш мақсади таъкидланиб, масъуллар бириктирилди. 7 минг квартирали 235 та, ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун 2 минг 84 квартирали 36 та арзон кўп қаватли уйлар қурилиши айтилди.
Нукус шаҳрини реновация қилиш, замонавий инфратузилма объектлари қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз борар экан, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш, тиббиёт бригадалари ташкил этиб, аҳолини скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Мактабларда дарсларни янги методика асосида ташкил этиш, педагогларни шу бўйича малакасини ошириш вазифаси қўйилди.
– Умуман олганда, Қорақалпоғистонда ишларни янгича ташкил этиш ва назорат тизими ўрнатилади. Бунинг учун Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги қўмита ташкил этилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда мутасаддилар дастур ижросини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг