Янгиликлар 4014
Қозоқ қардошларимиз ҳам “Адолат” тарафдори
Тарих зарварақларига назар ташласак, туркий халқларни бир илдиздан ўсиб чиққан улкан дарахтга ўхшатишимиз мумкин. Бу дарахтнинг икки йирик шохларидан бири ўзбек халқи бўлса, бошқаси қозоқ халқидир. Ер юзига кенг соя берадиган икки йирик шохларга қиёс, томирлари бир ирмоқдан сув ичган бу икки азалий қардош халқларнинг кенг ва чуқур маъноли маданияти, урф-одатлари, қадриятлари бир-бирига туташ, ўзаро ҳамоҳанг ва уйғун. Қардошлик ва биродарлик ришталари асрлар оша қондошлик, қуда-андаликка уланиб кетган.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилди. Бугун алоқаларимиз кенг қанот ёйди, янада равнақ топди. 2018 йилнинг Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили деб эълон қилингани улкан тарихий воқеа бўлди. Бу қўшни, қардош халқнинг бизга бўлган ҳурмат-эҳтироми рамзидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 апрель санасида “Ўзбекистон” анжуманлар саройида ўтказилган маросимда 2019 йилни мамлакатимизда Қозоғистон йили деб эълон қилди.
Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг очилиши стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганидан далолат беради. Ушбу муҳим воқеа халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий яқинлик рамзидир, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан бир-бирига таянч бўлиб, қийинчиликларни енгиб ўтган, бугунги кунда халқларимизнинг умумий келажаги, қардошлик алоқаларини ривожлантириш учун мустаҳкам замин биргаликда бунёд этилмоқда.
Мамлакатимизда Қозоғистон йилига катта тайёргарлик кўрилиб, унинг доирасидаги тадбирлар санъат, фан, таълим ва тадбиркорлик соҳалари вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Бу саъй-ҳаракатилар ўзаро маданиятларимизни бойитиш, халқларимизни янада яқин бўлишига хизмат қилмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Қозоқ миллий маданий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир шулар жумласидандир.
“Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида сайловолди ташвиқотлари доирасида вилоятнинг Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳридаги “Файз” тўйхонасида ўтказилган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, депутатликка номзодлар, шунингдек Қозоқ миллий маданий маркази вакиллари, кенг жамоатчилик, партия хайрихоҳлари иштирок этдилар.
Тадбир мамлакатимизда жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтиши кутилаётган муҳим сиёсий жараёнга қизғин тайёргарлик кўриш ва унда сиёсий партияларни қўллаб - қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман аввалида сўзга чиққан “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлигига номзод Умид Шоумаров вилоятда истиқомат қилувчи қозоқ миллатига мансуб сайлов ёшидаги барча аҳолини сайловларда фаол иштирок этишлари ва ўзлари маъқул кўрган партия номзодларига овоз беришларига чақирди. Шунингдек, партия сайловолди дастурида илгари сурилаётган асосий ғоя ва мақсадлар, муҳим йўналишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Хусусан, дастурдан ўрин олган соғлиқни сақлаш тизимига “ақлли тиббиёт” жорий этиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш, дорилар нархидаги тафовутни йўқотиш шунингдек, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш, шартнома бўйича ўқиш имконига эга бўлган ёшларни олий ўқув муассасаларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиш ҳамда суд тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси каби мақсадларни амалга оширишга партия томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
“Янги Ўзбекистон-янги сайловлар” шиори остида юқори савияда, ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилаётган кенг кўламли тарғибот тадбирлари қизғин паллада. Бўлиб ўтадиган сайловларнинг натижалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ҳамда маънавий соҳалардаги ислоҳотлар ривожланишининг кейинги истиқболларини белгилаб беради. Сайловларнинг демократик, очиқ, ошкоралик, қонун устуворлиги каби тамойиллар асосида ўтиши кўп жиҳатдан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий вазият ҳамда мукаммал сайлов ҳуқуқи асосларининг мавжудлигига боғлиқ бўлади.
Мамлакатимизда барча фуқаролар миллатидан қатъий назар тенг сайлов ҳуқуқига эга. Конституцияга кўра, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгиланган бўлиб, улар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга.
Назир Абдураимов, Қозоқ маданият маркази раҳбари:
-Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам турли миллат вакилларининг ўз миллий урф-одат ва анъаналарини ўрганиши, ривожлантириши, истеъдод ва салоҳиятини намойиш этиши учун давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилган. Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Ана шундай ҳуқуқ ва эркинликлардан самарали фойдаланиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Сайловларга оз фурсат қолди. Шахсан ўзим “Адолат” СДПни танладим. Боиси, бу партия жуда муҳим масалаларда тўғри ечимларни кўрсатаяпти.
Азиза Дусенова, Қозоқ маданият маркази вакили:
- Сиёсий партияларнинг дастурларии билан танишиб чиқдим. Бир тўхтамга келиб, “Адолат”ни танладим. Партиянинг адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонунлар, шунингдек, таълим соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида дастур менга маъқул келди. Сизларни ҳам шу партия вакилларига овоз беришга чақираман.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ўзгартирди. Кўриниб турганидек, барча фуқаролар, жумладан кам сонли миллатларнинг вакиллари бўлган фуқаролар ҳам тенг равишда Конституция ва қонунларга мувофиқ мавжуд ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланишлари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг