Янгиликлар 1817
Қурилишда тартиб бўлсин!
Бугунги кунда Ўзбекистонни улкан қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Қайси шаҳар ёки қишлоққа борманг, янги-янги бинолар ва иншоотлар қад кўтараётганининг устидан чиқасиз. Бизнинг туманимизда ҳам шундай. Бунёдкорларнинг меҳнати билан кўплаб турар-жой, маданий-маиший, ишлаб чиқариш объектлари тикланмоқда. Уларнинг барчаси халқ турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга ҳали орамизда тартиб-қоидани тушунмайдиган, ўзбошимчалик билан қуришга ундайдиган шахслар ҳам учраб турибди. Яқинда “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир йўла 4 та ноқонуний уй-жойлар буздирилди. Сабаби битта: улар тикланган ер майдонлари ҳеч қандай ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, Қурилиш ишлари ҳам рухсатсиз ва лойиҳасиз амалга оширилган.
Ушбу ҳолат бўйича бизга аҳоли томонидан бир қатор мурожаатлар бўлди, мутахассисларимиз уларга Вазирлар Маҳкамасининг 41-қарори бўйича батафсил тушунтириш бердилар. Шу каби мулоқотлар бошқа маҳаллаларда ҳам ўтказилмоқда. Аксарият фуқаролар масаланинг моҳиятини тўғри англаётганликлари диққатга сазовордир.
Яқинда Президнгтимиз раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қурилиш соҳасидаги камчиликлар танқид қилинди. Таъкидланганидек, биринчи чоракда марказлашган инвестициялар бўйича режага нисбатан 2,7 триллион сўмлик ишлар кам бажарилган. Шу билан бирга, 175 та уй-жойлар массивларининг бор-йўғи 36 таси бўйича пудратчилар аниқланган. Бунда, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Хоразмда объектлар қурилиш рейтинги мос келмайдиган қурувчи ташкилотларга берилган.
– Агар вилоятларда рейтингга кирмаган битта қурувчи ташкилотга объект берилган бўлса вилоят ҳокими шерик бўлади. Бу давлатнинг пули, ҳар бир сўми учун жавоб берасизлар! Чора жуда қаттиқ, жазо муқаррар бўлади. Рейтингда йўқ дегани – бу таниш-билишчилик, коррупция дегани. Нимага бунга йўл қўйгансизлар? Нимага рейтинги йўқларга имконият яратиб беряпсизлар? Ким сизларнинг кабинетингизга кириб нималарни таклиф қилаяпти? Қайси қариндошларингга иш бераяпсизлар? Пахтани қўшиб ёзишни йўқ қилдик, лекин саноатда, қурилишда қўшиб ёзишни ўрганаяпсизлар, бунинг охири вой бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз рейтинги бўлмаса қурувчига бир сўм ҳам пул берилмаслиги, у замон ўтиб бўлганини қайд этди:
– Уй бино қиладиган ташкилот қурувчи бўлиши керак. Тадбиркор – тадбиркорлигини қилсин, қурувчи – қурувчилиги билан шуғуллансин. Бўлди, адашган вақтимиз ўтди. Мана, Жиззах вилояти мисолида кўрдик, уй-жой қурилишида қандай жиддий камчиликларга йўл қўйилганини. Шундай экан, рейтинги бўлмаса, қурувчи ташкилот тендерга жалб қилинмаслиги керак. Сифат нуқтаи назаридан биринчи марта шу тартибни жорий қиляпмиз.
Ҳа, қурилишда тартиб-интизом бўлиши керак.
Беҳзод ЖЎРАЕВ,
Тўрақўрғон туман қурилиш бўлими
мутвхассиси, “Адолат” СДП туман кенгаши
“Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси
Фикрингизни қолдиринг