Қурултойдан онлайн. Абдукамол Рахмонов: “Хаёлимизга келмаган ҳақиқатлар бугун воқеликка айланмоқда”

02.11.2019 13:11:17

Сизга маълумки, Марказий Сайлов комиссиясининг 20 сентябрдаги қарори билан 22 декабрь Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар куни деб эълон қилинди.

Шуни қувонч билан таъкидлаш жоизки, партиямиз томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўпланган 44 минг имзо варақалари асосида Марказий сайлов комиссиясининг 15 октябрдаги қарори билан партиямизнинг сайловларда иштирок этишига рухсат берилди.

Шу минбардан туриб, партиямизни қўллаб-қувватлаган кўп минг сонли хайрихоҳларимизга партиянинг Олий органи номидан миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

Буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий бобомиз:

Зулмни даф этинг адолат бирла, - деганларидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам буюк мақсадларга фақат адолат бирла эришиш мумкин, деб ҳисоблаб, сайловларга “Адолат – ҳар бир инсон учун” шиори билан кириб келмоқда.

Сайловда иштирок этиш ҳуқуқи, албатта, партиямизга жуда катта масъулият юклайди. Бу масъулият, аввало, халқимиз олдида ҳисобдорлигимизни унутмасликка, келгусида узоқ ва яқин келажак учун дастурий вазифаларимизни белгилаб олишга, сайловларда юқори савия ва юксак маданият билан иштирок этишга, энг кўп депутатлик ўринлари эгаллашга ундайди.

Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳар томонлама ўсди, улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Халқнинг турмуш даражаси юксалди. Айниқса, кейинги уч йил ичида жамиятимизда фавқулодда кенг кўламли ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён шиддат билан, самарали тарзда давом этмоқда.

Очиғини айтганда, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳар бир куни тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирмоқда. Халқимиз орзу-истаклари, ҳатто хаёлимизга келмаган ҳақиқатлар бугун воқеликка айланмоқда. Замон шиддати, давр суръати ҳам шунга мос ва хос тарзда кечмоқда. Албатта, бундай тезкор тараққиётга ҳамқадам бўлиш, жамиятнинг олдинги қатламларида юриш асло осон эмас.

Аммо ўзгача яшаб ҳам бўлмайди. Тарихнинг бурилиш нуқтасида, ўта масъулиятли фурсатда пайдо бўлган бундай имкониятлардан фойдаланмаслигимиз мумкин эмас. Акс ҳолда бизни тарих кечирмайди.

Бугун, минг шукрки, сиёсий куч сифатида майдонга чиққан “Адолат” социал-демократик партиясининг ғоялари изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жамиятда инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасига кўтарилмоқда. Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қила бошлади. Барча даражадаги амалдорлар, жумладан, депутатлар ҳам ўзларининг, аввало, халқ хизматкорлари эканликларини англаб етдилар.

Содир бўлаётган бундай ўзгаришлар, шаксиз, кўнгилга қувонч олиб киради. Айни пайтда ҳали имкониятларимиз беҳад кенглигини, олдимизда улкан мақсад ва вазифалар турганлигини, уларни амалга оширишимиз шартлигини ҳам чуқур англамоқдамиз. Бизнинг фаолиятимизга энг холис баҳони эса халқ беради.

Шу нуқтаи назардан, партия экспертлари, фаоллари ва жамоатчилик вакилларининг таклиф-мулоҳазалари асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг узоқни кўзлаган янги таҳрирдаги Сиёсий дастури ва яқин беш йилга мўлжалланган Сайловолди дастури ишлаб чиқилди, кенг муҳокама қилинди.

Ҳар иккала ҳужжат муҳокамаларида 42 минг нафардан ортиқ партиядошларимиз иштирок этиб, ўзларининг кўплаб фикр-мулоҳазалари билан қатнашганлиги, партия аъзоларининг юрт келажагига бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Миллий ва хорижий илғор тажрибаларга таянган ҳолда дастурларимиз лойиҳаларида замонавий социал-демократиянинг энг илғор ғоялари, қадриятлари ва мақсадлари миллий қадриятларимизга мос ҳолда сингдирилди. Уларда, социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик ғоялари устуворлик касб этган.

Инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасида эътироф этиш ва бу борада мустаҳкам ҳимоя қўрғони яратиш, ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши, миллати, танасининг ранги, диний мансублиги, жинси, ёши ва бошқа белгиларидан қатъий назар камситилишига қарши курашиш, адолат – ҳар бир инсон учун тамойилига амал қилиш дастурларимизнинг асосий йўналишларида ўз ифодасини топди.

Кучли давлат бошқарувидан адолатли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи дастурий мақсадларимиз кучли, эркин ва адолатли Ўзбекистон ва унинг келажаги учун хизмат қилишга, халқ учун, халқ манфаатлари йўлида, халқ номидан иш тутишга йўналтирилган.

Сизнинг муҳокамангизга тақдим этилган Дастурларимиз партиямизнинг социал-демократия анъаналарига мансублиги ва содиқлигини эътироф этган ҳолда, халқимизни мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва адолатли жамият қуриш йўлида жипслашишга чақиради.

Ҳурматли қурултой иштирокчилари!

Партиянинг узоқни кўзлаган янги таҳрирдаги Сиёсий дастури ва яқин беш йилликка мўлжалланган сайловолди дастури Сизларга тарқатилган. Рухсатларингиз билан унинг айрим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

  1. Суд хуқуқ соҳасида

Биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган энг олий орган – бу суд деб ҳисоблаймиз. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, судларнинг мақомини мустаҳкамлаш, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш ушбу йўналишдаги асосий вазифалар сифатида белгиланган.

Унда, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасини, айниқса соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омилларни танқидий ўрганиб чиқиш ва натижасини 2020 йилги Давлат дастурига киритиш масалалари назарда тутилган.

Шунингдек, адвокатларнинг мақомини янада ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, бу борадаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнларида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш масалалари ҳам дастуримиздан ўрин олган.

Прокуратура органларининг дастлабки тергов устидан назорат ваколатини кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш, келгусида “Халқ суди”, “Халқ прокуратураси”, “Халқ полицияси” каби институтларни жорий этиш, Давлат автомобиль назорати инспекторларини чинакам “халқ ёрдамчиларига” айлантириш, фуқароларимизга “Пропискадан ўтиш” яъни доимий рўйхатдан ўтиш бўйича қулайликлар яратиш масалалари бўйича таклифлар киритиш ҳам суд-ҳуқуқ йўналишининг муҳим вазифалари сифатида белгиланган.

“Ахлоқ қонуннинг асосидир” деган фалсафий қарашларга ҳамоҳанг, биз ахлоқсизликнинг хунук кўриниши бўлган одам савдоси билан қаттиқ курашишни ҳам устувор вазифа деб биламиз. Шу мақсадда, Сайловолди дастуримизда, аҳоли ва айниқса ёшлар ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини ўқитиш бўйича узлуксиз таълимни жорий этиш масалаларига ҳам устуворлик берилган.

  1. Коррупциясиз жамият қуриш борасида

Бош прокуратура билан ҳамкорликда тегишли халқаро кўрсатгичлар, индексларни ҳамда уларни тузиш методикасини назарда тутиб, коррупцияга қарши кураш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг натижаларини кенг оммага етказиб бориш, давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш, давлат бюджети бошқарув тизимини мунтазам ислоҳ қилиш ва барча ундирувларни фақат бюджет тизими орқали тақсимлаш чораларини кўриш масалалари мазкур йўналишда ўз ифодасини топган.

Юқоридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда, коррупция билан курашиш – бу нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини кенг тарғиб қилиш орқали коррупционерларга нисбатан халқнинг нафратини уйғотиш кабилар дастурий вазифаларимиз қаторига киритилган.

  1. Малакали тиббий ҳизмат кўрсатиш борасида

Биз – аҳолига малакали ва кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш ҳисобига соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантириш, тиббиёт ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш, уларни турли тажовуз ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш муҳим вазифаларимиздан бири деб ҳисоблаймиз.

Шу нуқтаи назардан, соғлиқни сақлаш хизматида “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида тиббий хизмат устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чораларини кўриш масалалари ҳам муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган.

  1. Олий ва ўрта таълим бўйича

Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш билан бирга, уларнинг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтишини таъминлашга қаратилган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, бунда ўқувлар учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш партиямизнинг асосий вазифаларидан яна бири сифатида белгиланган.

Ҳурматли Қурултой қатнашчилари!

Шунингдек, Дастуримизда терроризм, экстремизм, сепаратизм каби иллатларга қарши курашиш, кучли ташқи сиёсат олиб бориш каби мамлакатимиз мустақиллиги ва яхлитлигини таъминлашга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.

Иқтидорли кадрларни боғча ёшидан тайёрлашга, таълим билан тарбиянинг узвийлигини таъминлашга, одоб-ахлоқ қоидаларини болалигидан онгига сингдириб боришга, мактаб таълимини сифат ва самара жиҳатидан юқори даражага кўтариш орқали ҳар бир ўқувчининг интеллектуал салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида ўрин ажратилган.

Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини устувор билган ҳолда, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаб, ҳар бирининг қалбида Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик, адолатлилик каби туйғуларни уйғотиб, турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қиламиз.

Булардан ташқари, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳоли ва ёшлар учун арзон уй-жойлар барпо этиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш ҳам партиянинг диққат марказида бўлади.

Бугунги кунда норасмий ёлланма меҳнат авжига чиққан. Биз бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришимиз ва норасмий ишлатиш учун жавобгарликни оширишимиз зарур. Биз ҳар қандай адолатсизликка нафрат билан қараймиз! Адолатсизлик бу нафақат қонунларга риоя этмаслик. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслик, инсонга беписанд қараш, менсимаслик, бераҳм муносабат ҳам адолатсизликдир. Буюк бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридий “Олам ободлигин караму адолатда деб бил” деганларидек, биз Ватанимиз ободлигини қонун устуворлигида кўрамиз.

Хуллас, сайловолди дастуримиздан халқимиз фаровонлиги учун муҳим масалалар ўрин олган. Бор кучимиз, билим ва тажрибамиз, салоҳиятимиз билан сайловларда муносиб иштирок этишимиз ва энг кўп депутатлик ўрнини эгаллашимиз зарур. Ўшанда биз олдимизга қўйган барча мақсадларга эришамиз.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+