Янгиликлар 3379
Қурултойдан онлайн: Абстракт ғоялардан рационал тафаккур тарзигача
Яширишнинг ҳожати йўқ – ҳамиша сиёсий жараёнларга, хусусан, сайловга ишончсизлик билан қараш бугун ёшлик чегарасидан ўтиб, қирққа қараб бораётган мен тенги авлод вакилларига ҳам хос хусусиятдир. Биз 80-йиллар авлоди турли-туман номланган тажриба ва эврилишлар палласида яшадик.
Айнан биз ўқиётган йилларда ОТМда 5 йиллик таълимдан воз кечилди, магистратура дегани пайдо бўлди. Бир амаллаб олий маълумотли бўлдик, аспирантурага ўқишга кириб, стажёр-татқиқотчи деган мужмал ном билан ўқишни тугатдик. Номзодлик ишимизни ёқлашга тайёр бўлиб тургандик, кейин бирданига фан доктори илмий даражаси берилиши, илмий ишнинг чўғи шунга монанд ўзгартирилиши ҳақида ҳужжат чиқди. Пешонага бир шапатилаб, докторлик диссертацияси ёзишга киришдик. Бир вақт талаблар яна ўзгарди – аввалги тизимдан айтарли фарқ қилмайдиган тартиб жорий этилди. Фан номзоди деган илмий даража фалсафа доктори, деб аталди. Моҳиятида ўзгариш йўқ, десам ишонаверинг.
Демоқчиманки, 80-йиллар авлодининг маҳзун умр ҳикояси қайсидир маънода, сиёсий майдонда юзага келган абстракт ҳолат билан узвий боғлиқдир. Партияларимиз зарур вақтда ўз иродасини намоён қила олмагани учун ҳам биз жабр чекдик. Миллат, мамлакат жабр чекди.
Бугун янгроқ овози таралаётган адолатни биз ва биз тенгилар қанча кутди, қанчалар кутди... Менингча, эртанги Қурултой, аввало, адолат ғояларига садоқат кўрсатиш билан бошланиши керак.
Шуни таъкидлашни истардимки, бизнинг авлод ҳар қандай мавжудликнинг рационал мағзини сақлаб қолишни истайди. Биз ишлашни, меҳнат қилишни ва истиқболни бирга қуришни истаймиз. Бизга етишмаётган бирдан-бир мотив бор эди ва у қайтди. Жамият ва давлат адолатга, унинг ўлмас ғояларига қайтди. Ижтимоий адолатни таъминламай туриб, барқарор иқтисод яратиш ғояси утопия экани олий давраларда тан олинди.
Қурултойда муҳокама қилишга арзийдиган жиҳатлардан бири бу – сайловолди дастуридан эски даврнинг барча ибора ва ялтироқ жумлаларини чиқариб ташлаш масаласи. Ҳамма тушуниб турибдики, интеграциялашган, ахборотлашган жамият қуруқ гапларни кўтармаяпти. Шу боис Сайловолди дастуримиз лойиҳасини жиддий қайта кўриб чиқиб, сийқаси чиққан гап-сўзларни прагматик ёндашувларга алмаштиришимиз керак.
Адолатни таъминлайдиган асосий қуроллардан бири — оммавий ахборот воситалари эканидан келиб чиқиб, партия қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг муҳим институти — журналистика ва блогинг билан ишлашга мутлақо жиддий ёндашиши зарур.
Умуман олганда, Қурултойдан кўп нарса кутаяпмиз. Бўлажак сайловларда ким қанча овоз беришини қайсидир идора ёки шахс эмас, партиянинг “ақл маркази”, электорат ҳал қилишига, ва ниҳоят шундай кунлар келганига ишонишни истаймиз.
Беҳзод ҚОБУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, блогер

Фикрингизни қолдиринг