Янгиликлар 3623
Қурултойдан онлайн. Наримон Умаров: Вазифаларимиз ижросида фуқаролар манфаати акс этган
Ижозатингиз билан, Сизларга партиянинг Сиёсий Кенгаши топшириғига кўра, 2014 йилдаги бўлиб ўтган VI Қурултой қарори билан тасдиқланган партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони” ғояси остидаги сайловолди дастурини бажарилиши юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботни тақдим этсам.
“Адолат” социал-демократик партияси 2015-2019 йилларда ўз фаолиятини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди Дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича жамиятда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш борасида ўз нуқтаи назарини ифода этган амалий ҳаракатлар Дастури асосида олиб борди.
Қадрли делагатлар, азиз меҳмонлар!
Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар барча соҳалар қатори сиёсий партиялар фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги парламент ва сиёсий партиялар билан учрашуви, парламентга мурожаатномаларидаги маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар мухим аҳамият касб этди. Мазкур Маърузаларнинг мазмун-моҳияти халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, халқ билан мулоқотни давом эттириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, келажакка ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ва бу борада ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳамда тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни, аниқ йўлимизни белгилаб берди. Ушбу вазифалар доирасида ҳамда “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурини амалга ошириш мақсадида партиямиз томонидан 20 дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этилди.
Хусусан “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида депутатлик корпуслари жойларга қонунларнинг етказиб бериши ва унинг ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ ишлар давом эттирилди.
Рақамларга мурожаат қилсак, аҳоли билан юзма-юз қилинган мулоқотлар 2017-2019 йиллар оралиғида 24 586 маротаба маҳаллалар билан, 467 855 маротаба хонадонлар билан, 22 456 маротаба хўжалик юритувчи субъектлар билан бевосита боғлиқлигини кўрамиз. Албатта, очиқ мулоқатлар доирасида фуқароларнинг қийнаётган масалалари ўрганилиб, уларни ечимлари таҳлил қилинганлигига гувоҳи бўламиз.
Муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган одилона сиёсатини жойларда давом эттириш мақсадида марказ ва ҳудудларда “Адолат” қабулхонасининг фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳаракатларимиз натижасида жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган жами 66 876 та мурожаатлар партия депутатлик гуруҳлари томонидан 14 561 та депутатлик сўрови юборилиб ўрганилди, натижада 9834 та мурожаат мутасадди ташкилотларни жалб қилган ҳолда ўз ижобий ечимини топди, қолган 41 645 та муаммо ва таклифлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Партия тизимидаги “Адолат қабулхоналари” фаолияти таҳлил қилинганда ўтган уч йил давомида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (559 та), Жиззах (453 та), Бухоро (401 та) вилоятларига тўғри келмоқда. Биргина Қашқадарё вилояти Кенгаши мисолида кўрсак Кенгаш қабулхоналарига бўлган мурожатларнинг 450 га яқини ижобий ечим топганлигини кўришимиз мумкин.
Бир сўз билан айтганда, “Адолат қабулхоналари” фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш билан бирга аҳолининг партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида қабул қилинаётган қонун, қарор ва фармонларни аҳолига етказиш мақсадида ҳудудларда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил қилиниб, “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси атрофида БПТ аъзолари, депутатлар, партия фаоллари бирлаштирилди.
Партия Марказий аппарати ташаббуси билан партия фаоллари сафидан кўнгилли лекторлар шакллантирилиб, республика бўйича жами 62 мингга яқин сиёсий-ҳуқуқий форматдаги курслар ташкил қилинди, уларга 920 мингдан ортиқ тингловчилар жалб этилди.
Ҳисобот даврида 600 дан ортиқ тингловчиларни ўқитишга муваффақ бўлинди, натижада 37 452 та сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, ушбу жараёнларда 551 722 нафар иштирокчи қамраб олинди, улардан 1948 таси ОАВларида ёритилишига эришилди.
Партиянинг ёш авлодга бўлган муносабатини “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида акс эттирилиб, умумтаълим мактабларида ўқувчилар сонини санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашларнинг даврийлиги, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари республика бўйича жами 1647 та умумтаълим мактабларида ўрганилди, натижада, мактабларнинг 418 таси (25%)да тиббиёт хоналар мавжуд эмаслиги, 811 таси (49%)да тиббиёт хоналарида дори воситалари етишмаслиги, 916 таси (56%)да тиббиёт анжомлари мавжуд эмаслиги ва 546 таси (33%)да ўқувчилар сони санитария-гигиена талаблари меъёридан ошганлиги аниқланди. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига 78 та, доимий комиссияларга 64 масалалар киритилиб, юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этилди.
“Адолат” партияси сайловолди дастурида ёш олимларга, илм-фан вакилларига ҳайрихохлик қилишни ўз олдига мақсад қилиб, Хоразм Маъмун академиясида илм-фан вакиллари, ёш олимларнинг инновацион кўргазмаси ташкил қилинди. Ушбу кўргазмалардан кўзланган мақсад партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган олимлар томонидан олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлашга доир устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилди.
Партия соғлиқни сақлаш соҳаси билан ҳамкорликни кучайтирар экан, фарзандлармиз орасида кўп учрайдиган стоматологик касалликларга чалиниш хавфини камайтириш, стоматологик профилактика тадбирларини кўпроқ ташкил қилиш, болалар оғиз бўшлиғи касаллигини эрта аниқлаш, шу билан бирга, яссиоёқлик ва сколиознинг олдини олиш каби касалликларга қарши курашиш йўлида партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси амалга оширилди.
Тошкент давлат стоматология институти билан ҳамкорлик натижасида кариеснинг тарқалиши ва унинг салбий асоратлари 4-7 ёшдаги болаларда 93%, 8-12 ёшдаги болаларда 86%, 13-18 ёшдагиларда эса 74% ташкил этаётганлиги аниқланди. Камчиликлар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларига киритилган кўплаб масалалар орқали муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бундан ташқари, экстремистик, террористик, миссионерлик оқимлари, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан ёш авлодни асраш, уларда бундай иллатларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган жами 7328 та давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди. Унда 366 400 нафар ёшлар қамраб олинди.
Ҳудудлардаги камчиликларни аниқлаш, тўсиқ бўлиб турган муаммоларни бартараф этишда жойлардаги депутатлар корпуси фаоллик кўрсатиб, ўтган ҳисобот даврида улар томонидан доимий комиссияларга киритилган масалалар жами 428 та, сессияларга киритилган масалалар жами 233 та, мансабдор шахс ҳисоботлари жами 470 та ва депутатлик сўрови 4214 тани ташкил қилди. Бу борада депутатлар фаоллиги Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Жиззах, Навоий каби вилоятларида намоён бўлди.
Азиз меҳмонлар, аҳоли орасида партияни танитишда партия дастурий мақсадлари ва унинг устав фаолияти ифодаланган брошюра, флаерлар, пауклар ва буклетларнинг кўплаб нашр этилгани ва тарқатилгани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда партиянинг барча ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари атрибуткалар – кўкрак нишонлари, байроқча ва партия логотипи туширилган махсус кийимлар, сиёсий реклама акс эттирилган воситалар билан етарлича таъминланган. Ҳудудларга тарқатилган материаллар бугунги кунда жойларда ўтаётган митингларни янада жонлантириб, партия ўрни ва нуфузи ортишига
ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда десам муболаға бўлмайди.
Бажарилган ишларимизни сарҳисоб этарканмиз, партиянинг мафкураси
ва дастурий мақсадларини электорат орасида тарғиб қилишда партиянинг “Аёллар ва Ёшлар қаноти” зиммасига ҳам катта масъулият юклатилганлигини эътироф этишни жоиз деб биламан. Ўтган йиллар мобайнида партия аъзоларининг 46 минг нафарини ёшлар ва 56 минг нафарини аёллар ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич бугунга келиб, 160 595 нафарини (39%) ёшлар, 192 157 нафарини (46%) эса аёллар ташкил қилганини кузатишимиз мумкин.
Мазкур лойиҳалар доирасида партиянинг барча даражадаги бўғинларида жами 780 дан ортиқ давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар ўтказилган бўлиб, уларда 58 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашганлиги, ёшлар
ва аёлларимизни фаоллигидан дарак беради.
Касалманд инсонларга меҳр улашиш йўлида партиянинг ташаббуси билан, республика бўйлаб, “Бор меҳримиз сенга болажон” шиори остида ўтказилган акция турли касалликлар ёки бахтсиз ходисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлади, юртдошларимиз иштирокида ўтказилган беғараз донорлик акцияси “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, хайрихоҳлар ҳамда бошқа кўнгилли жами 1500 нафарга яқин фуқароларни қамраб олди. Сайъи ҳаракатлар эвазига 400 литрга яқин қон плазмаси йиғилди.
“Ёшларга эътибор, келажакка эътибор” – деган ақидага амал қилган
ҳолда “Адолат” ёшларининг ташаббуси билан “Истеъдодли ёшлар клуби” фаолиятини ташкил этишга муваффақ бўлинди. Вилоятлардан жамланган 1000 га яқин иқтидорлик ёшларни бирлаштириш, бир куч ва бир шиор остида ҳаракат қилишларига кенг имкониятлар яратилди. Жорий йилнинг 20-22 август кунлари Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижод уйида ўтказилган Истеъдодли Ёшлар Форуми фикримизни яққол далилидир.
Шунингдек, партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси амалга оширилди. Унга кўра, маҳалладаги уюшмаган ёшлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқаролар билан ишлаш, уларни фаол ҳаёт тарзига қайтариш, таълим олиш, касб ўрганишга жалб этиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборатлиги мазкур лойиҳада ўз аксини топди.
Хусусан, фракция аъзолари бевосита қонунларнинг ижроси ва белгиланган режаларнинг бажарилишига қаратилган 120 дан ортиқ назорат-таҳлил тадбирларини ўтказдилар. Улар бўйича Қонунчилик палатасининг қарорлари қабул қилиниб, тегишли топшириқлар берилди. Яна бир назорат қилиш яъни, “Парламент сўрови” институтидан самарали фойдаланилди. Хусусан, фракция ташаббуси билан 4 та Парламент сўрови мутасадди вазирликларга юборилди.
“Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига замонавий техника ва технологияларни жорий этиш” га қаратилан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига, “Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш”га қаратилган Халқ таълими вазирлигига, “Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш”ги ҳамда “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Бош вазирининг ўринбосарига Парламент сўровлари юборилди. Айтиш жоизки ушбу сўровларнинг барчасига масъуллар томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, унинг натижасида Президент ва Ҳукуматнинг мазкур соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган тегишли қарорлари қабул қилишга эришилди.
Шу билан бирга фракция аъзолари Қонунчилик палатаси “Ҳукумат соати”идан унумли фойдаланилди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг “Республика аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувини тежамкорлик билан ишлатишда олиб борилаётган ишлар” тўғрисида, Соғлиқни сақлаш вазирининг “Аҳолини ва тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, айниқса, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш” тўғрисида, Халқ таълими вазирининг “Умумий ўрта таълим мактаблари биноларини сақлаш, синфхоналари, дарсликлар ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Қишлоқ хўжалиги вазирининг “Мамлакатда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлиги тўғрисида”ги ахборотлари Парламентда эшитилди ва ушбу соҳалардаги камчиликлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Шунингдек, фракция ташаббуси билан партия Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор вазирликлар билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш ва белгиланган дастурларни бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорлик асосида фракция ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирларининг “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш, шу жумладан,
11 йиллик таълимни жорий этиш, касб-ҳунар коллежларида таълимни ислоҳ қилиш, борасидаги долзарб муаммолар тўғрисида”ги парламент эшитуви ташкил этилди. Мажлис якунида фракция депутатлари таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши юзасидан парламент назоратини олиб бориши бўйича ўз олдига бир қатор вазифаларни белгилиб олди ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, қарор қабул қилинди.
Ҳисобот даврида фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган даврда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда соҳанинг қуйи қисми бўлган ҚВПлар, оилавий поликлиникалардаги амалга оширилаётган ислоҳотлар партия депутатлик корпуси томонидан назоратга олинди. Фракция депутатлари томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор соҳа шифокорларнинг етишмаслиги, дори дармонлар ва моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишга ва маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилиб, тиббиёт муассасалари жиҳозланди ва биноларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Азиз иштирокчилар,
Бу давр мобайнида “Адолат” партияси ўз фаолиятини дастурий вазифаларини амалга оширишга қаратилган лойиҳалар ва йўналишларни ташкиллаштириш, партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш, уларни қийнаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлигини тизимли йўналтиришга қаратди. Албатта бу йўналишда партиянинг муҳим ғояси “Фракция – марказ – вилоят – туман – БПТ” концепцияси ўзининг самарасини берди ва амалга оширилиши режалаштирилган вазифаларимиз шунга қараб йўналтирилди.
Агар статистикага назар соладиган бўлсак, 2015 йилда партиянинг умумий аъзолар сони 115 514 нафар бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилга келиб, 414 478 тани ташкил қилди. Бошланғич партия ташкилотлари 2015 йилда 3374 тадан иборат бўлган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 6313 тани ташкил қилди.
Ҳисобот даврида Сиёсий Кенгашнинг 12 та Пленум йиғилиши бўлиб ўтди. Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси 49 маротаба мажлисларини тизимли равишда ўтказиб, амалий ишлар бўйича 16 та Низом ва қоидалар тасдиқланди.
Бугунги кунга келиб ишонч билан айтишим мумкинки, режадаги ишларни асосий қисми адо этилди. Бунга кўп жиҳатдан Сиёсий Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар, Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитасининг тегишли қарорлари билан мустаҳкамланганлиги сабаб бўлди.
Шу ўринда ўтган давр мобайнида партиянинг кадрлар билан ишлаш тизими ҳам янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш жоиз. 2015 йилда қабул қилинган партиянинг “Кадрлар комиссияси тўғрисида”ги Низоми бунинг ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди дея оламиз. Низомга мувофиқ партиянинг Марказий аппаратидан тортиб, туман кенгашигача тавсия этилган кадрлар мустақил, коллегиал комиссия хулосаси асосида ишга қабул қилинмоқда. Ҳар бир ўринга кадрлар заҳираси шакллантирилди. Бунинг натижасида партиявий кадрлар савияси ошди. Шу билан бирга 100 дан ортиқ ходимларимиз маҳаллий ижро органлари масъулиятли лавозимларидан тортиб департамент бошлиғи даражасигача кўтарилишди.
Шу ўринда партиямиз Сиёсий кенгаши таркиби ҳам салоҳиятли ва етук янги аъзолар билан мустаҳкамланди.
Албатта бу каби инсонларнинг ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган кадрларнинг партиямиз Сиёсий кенгаши аъзолигига қабул қилиниши партиямизнинг янада кучайишига, мамлакатимиз сиёсий майдонида позицияни мустаҳкамлашга туртки бўлади.
Ҳурматли делегатлар ва Қурултой меҳмонлари!
Табиатан, партиялар бир-бирига рақобатчи ҳисобланади ва баъзи ҳолларда ҳар қандай ислоҳотларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган куч сифатида кўрилади. Бундай партияларнинг жамоатчилик олдидаги ҳурмат эътибори ва сайланиш истиқболи юқори бўлади. Таъкидлаш жоизки, сайлов эркинлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда сайлов қонунчилигини ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши мазкур истиқболларни сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳурматли делегатлар ва Қурултой меҳмонлари!
Албатта, битта маърузада ўтган йиллар мобайнида бажарилган барча ишларни қамраб бўлмайди. Ўйлайманки, мунозараларда сўзга чиқадиган делегатлар партиядаги ўзгаришларга ўз нуқтаи назарини билдириш орқали ҳисоботни тўлдирадилар, янги вазифаларни, улар ечими бўйича ўз қарашларини баён этадилар.
Бир нарсани тўла ишонч билан айта оламанки, кўзга ташланаётган фаолиятимиздаги ижобий ўзгаришлар ва иш самарадорлигига Партия Сиёсий Кенгаши барча аъзоларининг уюшқоқлиги ва ишга масъулият билан ёндашиши эвазига эришилди. Партия раҳбари сифатида Сизларнинг барчангизга ўзимнинг миннатдорчилигим ва ташаккуримни билдираман.
Маърузам якунида Сизлар Қурултой делегатлари номидан сайловчиларимизга мурожаат қилишга ижозат бергайсизлар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловчиларни ҳокимиятнинг қонунчилик ва вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда ўз сиёсий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишга, сайловларда ўз овозларини бизнинг партиямиз вакилларига беришга, шу билан давлат органларининг демократик шаклланишида фаол иштирок этишга чақиради.
Фақат Сизнинг фаол эркин хоҳиш-истагингиз билан биз марказда ва жойларда кучли депутатлик корпусларини шакллантира оламиз. Бу эса бизга айнан Сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қиладиган қонунчилик актлари, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига ўз таъсиримизни кўрсатиш, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви таркибини шакллантиришда иштирок этиш имкониятини яратади.
Партиямизда ўзининг аниқ ва қатъий позициясига эга, қонун ва жамият олдида юксак масъулиятни чуқур ҳис этадиган, сайловчилар орасида обрў-эътиборли, сайловда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун овоз берган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қодир муносиб номзодларимиз жуда кўпчиликни ташкил этади!
Эътиборингиз учун раҳмат.

Фикрингизни қолдиринг