Янгиликлар 3275
Қурултойдан онлайн: Сайловчи ўз танловидан афсусланмасин!
Сайлов куни унда қатнашаётган фуқаро кимга овоз бериши ҳақида бир тўхтамга келади. Бир нарса аён, овоз бериш масаласида бизда шахсга эътибор қаратилади. Яъни аксарият ҳолларда фуқаролар бирор номзодни кўрсатган партияга эмас, айнан шу номзоднинг кимлиги, сайловчига маъқул келиш-келмаслигига қараб иш тутади.
Бизнингча, партия шундай ишлаши керакки, натижада ҳар бир сайловчи “кимга, қайси бир номзодга овоз берсам экан?, дейишдан кўра қайси партия номзодини танлаш ҳақида бир қарорга келишига, айниқса, “Адолат” партиясининг номзодига ишонч билдиришига эришсин.
Бу осон эмас. Бизнинг сайловлар оралиғидаги фаолиятимиз замирида халқимизнинг сиёсий партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида “Адолат” СДПнинг обрўсини ошириш мақсади ҳам мужассам бўлди. Бундай олиб қараганда, ўтган сайловларда Олий Мажлис қуйи палатасида ҳам, маҳаллий ҳокимят вакиллик органларида ҳам депутатлар сони нуқтаи назаридан партиямиз етакчилик қила олмади. Шундай бўлса-да, кам сонли депутатлар билан иш юритиб, “Адолат” партияси халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи янги қонунчилик асослари ишлаб чиқилишида кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Содда қилиб айтганда, қуйи палатага партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз берган сайловчилар кейинчалик ўз танловидан афсусланмади.
Бироқ Сиёсий ва Сайловолди дастурлардаги вазифаларни тўла уддалаш учун тегишли вакиллик органида партия бошқа партияларга нисбатан кўп депутатлик ўрнига эга бўлиши, бу борада етакчилик қилиши лозим. Чунки қуйи палата йиғилишлари, маҳаллий Кенгаш сессиялари қарорлар қабул қилишида тасдиқлаш учун берилган овозлар сони ҳал қилувчи ўрин тутади.
Истаймизми-йўқми, фуқаролар ҳозирча номзодларга ишонч билдиришда шахсларга қараб баҳо берар экан, партия ҳар бир номзодни тўғри танлаши шарт. Депутат бўлиб олгач, партияни эслаб ҳам қўймайдиган, депутатлик ваколатлари, имтиёзларини қўлга киритиш учунгина ноибликка даъвогарлик қиладиган тасодифий номзодлар халқимизнинг “Адолат” СДПга бўлган ишончига соя солмаслиги керак. Сайловчилар ҳузурига муносиб номзодлар билан чиқайлик. Шундагина вакиллик органларида депутатлик ўринларини тегишли қарорлар тасдиқланиши даражасида эгаллаб, берган ваъдаларимизнинг устидан чиқамиз. Шундагина келгуси сайловларда юртдошларимизнинг кўпчилиги “Адолат”нинг номзодига овоз бераман”, деб сайлов участкасига йўл олади.
Қурултойда ушбу муҳим жиҳатлар ҳам инобатга олинади, албатта.
Жасур ШУКУРОВ,
Халқ депутатлари Яккасарой тумани Кенгаши депутати

Фикрингизни қолдиринг