Қушнинг уйи ҳам бузилмасин…

07.06.2024 12:06:01

Оила тинчлиги ва хотиржамлиги ҳар бир инсон учун муҳим аҳамият касб этади. Ҳар қандай шароитда ҳам оиланинг бирдамлигини сақлаш учун ўзаро ҳурмат ва бирини тушуниш, қадрлаш, эъзозлаш даркор. Афсуски, сўнгги вақтларда шоҳид бўлаётганимиз оилавий зўравонликлар ортида таҳқирлаш ва хўрлаш орқали инсонларнинг ўз жонига қасд қилишга мажбур қилиш ёки ўзгалар ҳаётида суиқасд қилиш ҳолатлари юзага келмоқдаки, булар жамиятнинг осуда ҳаётига рахна солиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу каби салбий ҳолатлар албатта носоғлом оилаларда вояга етаётган болалар ва ўсмирларни руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатиб, уларни ҳаётда бешафқат ва аламзада бўлиб вояга етишига замин яратиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Юрт келажаги учун ўзини дахлдор деб билган ҳар биримиз лоқайдликка берилмаган ҳолда ёмонликларни олдини олишга, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни чуқур таҳлил этган кураш олиб боришга интилишимиз зарур.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт Университети Фарғона филиали мажлислар залида «Хотин-қизлар ўртасида тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш- долзарб вазифа» мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Фарғона вилояти Адлия бошқармасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўлими бошлиғи Авазбек Абдухолиқов, Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин — қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Дилоромхон Абдуллаева, Диний ишлар бўйича Фарғона вилояти бошқармаси бош мутахассиси Дилоромхон Ғафурова, Фарғона шаҳар бош отинойиси Камолахон Раҳмоновалар оилада тазйиқ ва зўравонликларни олдини олиш мамлакат ва жамият равнақи учун қай даражада муҳимлигини эътироф этган ҳолда, ўз фикр- мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

«Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қарорда жамиятдаги нохуш ҳолатларга қарши курашишнинг аниқ мезонлари кўрсатиб ўтилган. Семинар давомида иштирокчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+