Янгиликлар 3792
Рағбат ва масъулият – фаолият учун муҳим таянч
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Ёшлар иттифоқи Бухоро вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Депутат ва ёшлар” номи остида тадбир ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши ходимлари, депутатлар, фаоллар ҳамда тиббиёт вакиллари иштирок этишди. Тадбирдан кўзланган мақсад йиғилганларнинг сиёсий дунёқарашини кенгайтириш, партиянинг мақсад ва вазифалари билан таништириш, шунингдек, бугунги кун депутатининг фаолиятига эътибор қаратишдан иборат бўлди.
Сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов “Ҳар бир депутат аввало, ўз олдига аниқ вазифасини қўйиши лозим. Муҳими, партиянинг мақсадини халққа етказа олиши, аҳоли муаммоларини ечишда аниқ фикрга ва йўлга эга бўлиши, таклиф билан чиқиб, ташаббус кўрсатиши лозим”, - дея алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Халқ депутатлари Пешкў туман Кенгаши депутатларининг фаолиятлари, мавжуд муаммо ва ютуқлари хусусида ҳам гапириб ўтди.
Тадбир давомида партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров томонидан бир гуруҳ ташаббускор партия ходимлари ва фаоллари фахрий ёрлиқ ҳамда партия 25 йиллиги муносабати билан тақдим этилган эсдалик нишон билан тақдирланганлиги ўқиб эшиттирилди ва партия вилоят Кенгаши раиси томонидан ўз эгаларига топширилди.
— Бугун ёшлар билан учрашувимиз давомида уларнинг шижоати ва ғайратини кўриб, янада шиддат билан ишлашга, малакамизни оширишга алоҳида эътибор беришимиз зарурлигини англадим. Албатта, ўтган беш йил депутатлик фаолиятимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масаласига ёндашган бўлсам, бугун мана ёндашувни янада чуқурроқ амалга оширишга ҳаракат қилишим шарт. Албатта, партия Сиёсий Кенгаши раиси томонидан партия 25 йиллиги муносабати билан тақдим этилган эсдалик нишон билан тақдирланганлигим менга берилган рағбат билан бир қатори масъулият ҳамдир. Бу масъулият эса фаолиятимиз учун муҳим таянч бўлиши зарур, - дейди сўзга чиққан Халқ депутатлари Пешкў туман Кенгаши депутати Фарҳод Болтаев.
Тадбир давомида билдирилган фикр ва мулоҳазалар барчага куч-қувват ва шижоат бахш этди. Қувонарлиси, йиғилганлар учун кўтаринкилик улашди.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг