Рағбатлар педагог ходимлар зиммасига янада масъулият юклайди

02.01.2021 12:01:49

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимизнинг барча жабҳалардаги ҳаёти учун дастуриамал бўлиб хизмат қилади.  Энг муҳими, жамиятда илмий салоҳиятни ошириш, боғча ва мактабларда таълим-тарбияни кучайтириш, замонавий билим ва тажрибага эга мантиқий фикрловчи кадрларни тайёрлаш, ёшларни меҳнат бозори эҳтиёжига қараб касб-ҳунар эгаллашини таъминловчи тизим такомиллаштирилиши  нафақат  соҳа вакиллари балки, ўқувчи ва уларнинг ота-оналари ҳаётига ҳам кўплаб ўзгаришларни олиб киради. Жумладан, ёшларнинг иш билан таъминланиш даражаси ошади.

Мурожаатномада 2021 йилда мактабгача таълимни ривожлантириш учун 600 милиард сўм маблағ ажратилиб, 2000 та боғча қурилиши, шу билан  бирга, болаларни мактабгача таълим муассасасига қамраб олиш 65 фоизга етказилиши  билдирилди.  Қолаверса, болаларни бепул мактабга тайёрлаш, ногиронлиги  бўлган  болалар учун ушбу тизимни уйда шакллантириш бўйича курсатмалар берилди.

Ўқитувчилар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, мотивация бериш мақсадида ўз яшаш жойидан бошқа туманда ишласа, 50%, бошқа вилоятга бориб ишласа 100% устама ҳақ тўланиши ҳам педагогларни молиявий қўллаб-қувватлаш билан бирга, чекка ҳудудлардаги эртамиз эгаларининг билим салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

“Яна бир бор такрорлайман, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур. Шу боис, ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича бошлаган ишларимиз келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Бунинг учун халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330  миллиард сўм йўналтирилади”, деди   Президентимиз ўз нутқида.

Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари мен қатори соҳа вакилларининг барчасига  чексиз ифтиҳор туйғуларини бағишлаган, шубҳасиз. Имтиёзлар, имкониятлар янги йил байрами арафасида шукуҳимизга шукуҳ қўшди.  Шу билан бирга,  ўз устимизда изланиш, интилишга ундади. Зеро, ўқитувчиларнинг аввалгидек ҳар 5 йилда эмас, ҳаёти давомида таълим олишдек доимий малака оширишлари  дарс жараёнларига янгича ёндошувни шакллантиради, деб айта оламиз. Педагог ходимлар билим салоҳиятининг қотиб қолмаслиги, мунтазам ўзгаришлар, тизимдаги янгиланишлар,  замонавий  кўргазмали воситалардан фойдаланиши ҳамда бу ўзгаришларни  ўқувчиларига етказиб бериш орқали дарсларни қизиқарли ўтишини таъминлайди.

Президентимиз таклифи билан 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилди.   Ёшларимизга таълим бериш, уларни рағбатлантириш,  қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш бизнинг вазифамиз, муқаддас бурчимиздир.  Албатта, келгуси йилларда ҳам ҳар бир педагог, таълим тизимининг вакиллари берилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда  ўз бурчини сидқидилдан адо этади.

 

          

Жаҳонгир УСМОНОВ,

 Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги

31-умумий ўрта таълим мактаби директори,

 Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+