Раҳмат сенга, коронавирус!..

01.03.2020 10:03:54

– Зўр узр сўраркансиз! Фақат илтимос, кейинги гал кўзингизни очиб узр сўранг! – нафаси тиқилиб қолар даражада қотиб-қотиб куларди у.

– Тушунмадим?

– Энди узр сўраш навбати менга. Илтимос, мени кечиринг. Айбимга иқрорман, жазога тайёрман. Мен сизни адаштирдим. Тўғри манзилга кетаётгандингиз, сизни алдадим.

– Нега? – шу қадар ёмон аҳволга тушиб қолгандимки, бошқа гапиролмадим.

– Нега? – саволимни қайтарди Фенгдж – Чунки сиз билан кўпроқ вақт ўтказгим келди. Шундай гўзал қизни қўйиб юборолмадим.

– Йўқолинг! – аслида бу гапни бақириб айтмоқчийдим, аммо овозимни баландлатишга куч тополмадим, зардам ҳам оддий гапдек туюлиб қолди.

– Йўқолишимнинг иложи йўқ. Мен ўз ишхонамдаман. Мана, иш жойимни ҳам билиб олдингиз, тез-тез келиб туринг – у ҳеч нарса бўлмагандек хотиржам гапирарди.

Миқ этмай хонадан чиқиб кетдим. Энди тентираб бошқа бинога боргунимча конференция тугаши аниқ. Тарвузим қўлтиғимдан тушганча яна вокзалга бордим. Қуруқ қўл билан шаҳарга етиб келдим.

Эртасига университетда қанча гап эшитганимни изоҳлашга сўз йўқ. Аммо бир нарсани айта оламанки, дашномлар тинглаш баробарида ичимда ўша сурбет йигитни қарғаб турдим. Дардимни Веикига айтсам, у ярамга туз сепгандек нуқул кулади. «Оббо ошиқ йигит-эй. Ланфен, буюк муҳаббат қиссасининг иси келяпти. Бу севги тарихининг ажойиб бошланиши. Худди кинолардагидек!» дейди.

Бир ҳафта ўтиб, «Ана, айтмабмидим!» дея ухлаб ётган жойимда елкамдан силкиди. Уйқу аралаш қулоғимга киришича, Фенгдж келибди. Пастда мени кутиб турганмиш. Мен унинг олдига чиқмадим, албатта. Кўрпамни бошимгача ёпиб, ухлашда давом этдим. Йўқ, ростини айтақолай, уйқум ўчиб кетди. Димиқиб кўрпа тагига яширинганман-у, кўзларимни катта-катта очиб, у ҳақида ўйлаяпман. Нега келди? Ўшанда «Иш бўйича Уханга тез-тез келиб тураман» деганди. Бир йўли тушгандир-да. Балки, атайин мен учун келгандир. Йўқ, мен учун эмас, кечирим сўраш учун. Кечирим сўрамоқчими, демак ишидан қаттиқ афсусда ва менга бефарқ эмас. Кўришсаммикин? Йўқ, унинг қилмишини сира оқлаб бўлмайди! Нега бундай қилди ўзи? Мен билан вақт ўтказиш учун. Бундан чиқди... Йўқ! Барибир уни оқлаб бўлмайди.

Шу тахлит ўзим билан ўзим анча олишдим. Охири нега бу аччиқ гапларни кўрпа остида ўзимга ўзим айтиб ётишим керак, ҳозироқ чиқаман-да, ҳамма заҳримни юзига сочаман, деган қарорда дик этиб ўрнимдан турдим. Айни вақтда эшик очилиб, Веики кириб келди.

– Эсизгина! Бола зўрға кетди-я!

– Кетган бўлса яхши!

– Лекин яна қайтиб келади.

– Шундай дедими?

– Йўқ, ошиқликнинг қисмати шу: воз кечолмаслик!

– Ошиқ эмас, аҳмоқ!

– Тўппа-тўғри. Телбаларча севади сени.

Дугонамнинг тахмини тўғри чиқди. Фенгдж уйимизга яна кўп бор келди. Кўчага чиқдим дегунча мени таъқиб қилаверади. Университетгача бирга боради, сўнг дарсим тугашини кутиб туради. Курсдошларим «Тансоқчи олдингми?» деб куладиган бўлди. Охири бунга нуқта қўйиш учун ўзим гап очдим.

– Фенгдж, мен сизни кечирдим. Аллақачонлар кечирганман. Ўзингизни айбдор сезманг. Сианга қайтинг, илтимос!

– Сиандан кўра Ухан ҳавоси ёқимлироқ экан. Чунки бу ерда сиз билан бирга нафас оляпман.

– Гапни чўзманг. Айтдим-ку, сизни кечирдим деб. Узр сўраш учун қулай фурсат кутишингиз шарт эмас.

– Лекин мен сиздан узр сўрамоқчи эмасман. Ҳозир ўзимни айбдор деб ҳис қилмаяпман ҳам – у сурбетлигига содиқ қолганча кулиб гапирарди.

– Унда ортимдан соядек эргашиб юрманг! Асабга тегяпсиз!

– Топиб айтдингиз: мен сизнинг соянгизман. Сиздан ажралолмайман, Ланфен! Сизни севаман. Қаттиқ севаман.

Хуллас, шу бўлди-ю, Веики фол очган севги қиссаси бошланиб кетди. Фенгдж Уханга кўчиб келди ҳисоб: ҳар куни шу ерда. «Илтимос, Сианга қайт. Ишлашинг керак, сени боқиш ниятим йўқ» дейман ҳазиллашиб. Зўрға кўндириб, шаҳрига жўнатаман, кун кеч бўлганда яна эшигим тагида турган бўлади-да! «Сенсиз яшолмайман, Ланфен! Сенсиз ўтувчи дақиқалар йўқ бўлсин!» дейди. Кечаси билан телефонда гаплашиб чиқамиз, яна тонгдан сим қоқади. «Энди уйғондим, ҳали ўрнимдан турганим йўқ, биринчи қулоғимга кирадигани сенинг овозинг бўлиши керак» дейди. Баъзан у билан тунни тонгга улаб гаплашолмайман, суҳбатимиз ярмида ухлаб қоламан.

– Ухласанг ҳам майли, қизил тугмачани босма. Нафасингни эшитиб турай – дейди у.

– Хуррак отиб, шарманда бўлсин, деяпсанми? Ёки алаҳсирашларимни диктофонга ёзиб олмоқчимисан? – деб куламан.

Агар уйқуга кетиш олдидан қўнғироғига жавоб беролмасам борми, эртасига нақ балога қоламан. «Овозингни эшитмасдан ухлолмадим. Мана энди бошим оғриб, ишларимни битиролмаяпман», деб жаҳл қилади. Мен албатта унинг муҳаббатидан руҳланардим, роҳатланардим. Илк танишувимиз ва суҳбатимизни кўп эслардик ва ҳар гал мириқиб кулардик. Унинг «Машҳур бўлиб кетганингизда унутиб юборманг» деганини давом эттириб «Азизим, ҳозир ҳам айтаман: мен машҳур бўлмаслигим аниқ. Аммо биз биргаликда машҳур бўламиз. Машҳур ошиқлармиз» дейман. Ҳа, биз еттинчи осмонда парвоз қилардик, ерга тушгимиз йўқ эди.

Севгимиз чегара билмаганидан Ухан ва Сиан ораси бир қадам бўлиб қолди. У олдимга қатнаб чарчамади. Ўзим ҳам у билан бирга Сианга бориб, ота-онаси билан танишиб келдим. Айтганча, иккимизнинг оиламиз ҳам муносабатларимиздан хабардор ва келажакда турмуш қуришимизга рози.

(Давоми бор)

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+