Янгиликлар 2141
Рақамлар учун эмас, инсонлар фаровонлиги учун ишлашга ўтилди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан “Учинчи Ренессанс босқичи: таълим – мамлакат келажагининг пойдевори” мавзусида онлайн конференция ўтказилди.
Унда партия Самарқанд вилоят Кенгаши аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари ва олий таълим муассасалари ректорлари, партиянинг туман, шаҳар кенгаши раислари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг 1-октябрь - Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан қилган ўқитувчи ва зиёлиларга қилган мурожаатидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган тадбирда мамлакат тараққиётида таълим тизимининг ўрни, бу соҳада олдимизда турган муҳим йўналишлар муҳокама этилди.
Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳозирги даврни миллий тикланишдан миллий юксалиш томон деб эълон қилганлигининг замирида қатъий ишонч ва чуқур ҳикмат мужассам. Бунга асослар ҳам етарли. Ўтган тўрт йил давомида бунинг мустаҳкам пойдевори барпо этилди. Давлат идораларининг иш услуби бутунлай ўзгарди. Энди рақамлар учун эмас, инсонлар фаровонлиги учун ишлашга ўтилди. Халқ дарди тинглана бошланди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига ҳаёт-мамот масаласи сифатида қарала бошланди. Умуман олганда жамиятнинг бирор соҳаси қолмадики, ўзгаришга юз тутмаган бўлса. Шу боисдан, кейинги 10 йиллигимиз асл юксалиш ва тараққиёт даври бўлиши муқаррар.
Партия фаоли, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасиновнинг таъкидлашича, таълимга шу даражада катта эътибор қаратилаётгани халқимиз билан бир қаторда “Адолат” СДП вакилларини ҳам қувонтираётгани айни ҳақиқат. Сабаби партиямиз таълим, илм-фан масаласини энг асосий йўналиш сифатида белгилаб олган ва дастурларида шу йўналишлар устуворлик касб этган. Жумладан, амалдаги сайловолди дастурида ҳам ёшларни олий таълим муассасаларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида чекловларни йўқ қилиш, олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, ОТМларининг ўзини ўзи молиялаштириши, квоталардан воз кечиш, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш, уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мақсадида мактабларда “Тарбия”, “Инсон ҳуқуқлари” фанларини киритиш каби бир қатор устувор вазифаларни белгилаган эди. Бугунги кунга келиб ушбу ташаббусларнинг деярли барчаси амалиётга жорий этилмоқда.
Маълумки, 2020 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди. Тизимнинг афзаллиги шундаки, ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган олий таълим муассасалари ўз имкониятларидан келиб чиқиб, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиши мумкин. Бундан ташқари талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва шу бўйича ўқитиш қийматини белгилайди. Институт томонидан ҳам иқтидорли талабаларнинг, кам таъминланган оила фарзанларининг 60 нафари шартнома пулларининг 30%ини, 4 нафар талабанинг шартнома пулини 50 %ни тўлаб беришга эришилди.
Тадбирда сўзга чиққан иштирокчилар томонидан Самарқанд давлат университети негизида тажриба сифатида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиш, олий таълим муассасаларида тиббиётда биринчи ёрдам ва юридик клиникалар учун 3 ёки 6 ойлик ўқув курслари ташкил этиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг