Рақоботдошлик таъминланади

30.12.2020 18:12:41

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига муҳтарам Президентимизнинг бу йилги мурожаатномасида дастлаб якунига етаётган ва бутун дунё ҳамжамияти учун оғир кечган йил сарҳисоби, глобал пандемия ва унинг асоратлари сабабли юзага келган мураккаб вазиятда мамлакатимизда олиб борилган ишлар, эришилган натижалар ва олдимизда турган долзарб муаммоларимиз ҳам бирма-бир, аниқ, содда тарзда таъкидланди.

Жорий йилда пандемия шароитидаги мураккаб вазиятга қарамасдан мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқариш суръати ўсиши таъминланиб, кўплаб йирик ишлаб чиқариш объектлари янгидан ишга туширилиши жаҳоннинг саноқли давлатлари қаторида ялпи ички маҳсулот ўсиши таъминланишига хизмат қилгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг янги кириб келаётган йилда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар дастури бирма-бир баён этилди.

Хусусан иқтисодиёт соҳасида келгуси йилда ҳам ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти давлат томонидан кенг қўллаб қувватланиши, улар фаолияти текширувлари юзасидан 4 йил олдин эълон қилинган мораторий яна бир йилга узайтирилиши таъкидланди.

Глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, айниқса қишлоқдаги ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ва қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни кенг қўллаб қувватлаш мақсадида Жаҳон банки билан биргаликда қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилиши белгиланиши ушбу ҳудудларда ээнг долзарб муаммолармизни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Келгуси йилда экспортга маҳсулот чиқарувчи корхоналар учун бугунги кунда энг долзарб бўлган тайёр маҳсулотлар сотиш, экспортга чиқариш юзасидан чет элларда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама ишларини амалга ошириш юзасидан қилинган харажатларининг эллик фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилиши мамлактимизнинг экспорт салоҳияти ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Келгуси йилда ҳам чет эл инвестицияси ҳисобига кўплаб йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши белгиланаётгани аввало янги иш ўринлари яратилишига, мамлакат рақобатдошлигини таъминлашга ҳамда аҳоли даромади ошишига хизмат қилади.

Бу борада, келгуси йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш натижасида 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилиши белгиланиши янада аҳамиятлидир.

Айниқса Тошкентдаги Яшнобод технопаркида яна 11 та замонавий электротехника корхонаси ишга туширилиб, у ердаги ишловчилар сони 11 мингтага етказилиши, жами қуввати 760 мегаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилиши, Қашқадарё вилоятида умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ ишга туширилиши ҳисобидан, бугунги кунда катта маблағлар эваазига импорт қилинаётган ёқилғи маҳсулотлари ўрни қопланиши қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ёқилғи тақчиллиги борасидаги муаммоларимизни бартараф этишга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур мурожаатномада ҳам ҳар бир соҳада амалга ошириладиган аниқ вазифаларни белгилаб берилди. Бу улкан марралар, эришилаётган ютуқлар аввало эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишига ишончим комил.

 

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+