Сабоқ: ДАН ходимлари ишдан кетди

23.06.2021 10:06:38

 

Ижтимоий  тармоқларда 15–17 июнь кунлари Сурхондарё  вилоятининг Навбаҳор туманида  Йўл патрул хизмати ходими чақирув бўйича манзилга келаётган тез ёрдам машинасини  вақтинча ёпилган ҳудудга қўймаганлиги  ҳақида хабарлар тарқалди.  Унда таъкидланишича,  ҳодиса  ҳудудда “Ёшлар фестивали” ўтказилаётган вақтда содир бўлган.  Ижтимоий тармоқларда акс этган тасвирларда ҳам  ушбу ҳолат тадбир вақтида юз берганлиги  ўз аксини топган.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг хабар беришича, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ходим айбдор деб топилди ва ишдан олинди. Бир қарашда воқеа содир бўлганига анча кунлар ўтгандек ва бу воқеага муносабат билдириш  шартмикан, деган савол ҳам туғилиши табиий. Лекин бу ўринда гап инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиш ҳақида кетмоқда. Бу шундай масалаки, унга  вақтни ҳам, масофани  ҳам ёки бирон бир баҳонани  ҳам рўкач қилиб бўлмайди. Чунки инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳар нарсадан устун.

Чақирув бўйича келаётган  Тез ёрдам  машинасини ўша  ЙПХдаги орган ходимининг ҳаёти мутлоқ хавф остида қолган онаси ёки отаси  ёхуд  норасида гўдаги кутаётган бўлгандачи?  Шунда ҳам ёрдамга шошилаётган ҳайдовчининг йўлини тўсиб қолишармиди? Нега ЙПХ ходими қўлида радио алоқа воситаси бўла туриб  тегишли  ташкилотлар билан боғланиб  масалани қонунчилик доирасида ҳал этишга уриниб ҳам кўрмаган?

Қолаверса, қонунчилигимизда тез ёрдам машиналари учун йўллар ҳамиша очиқ туриши  лозимлиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, катта оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда  ва жойда тез ёрдам машиналари бўлиши шарт.

Воқеа ва кўрилган чора барчага ибрат бўлади, тегишли сабоқ чиқарилади, деган умиддамиз.

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+