“Саховат уйи” фойдаланишга топширилди

23.06.2021 18:06:01

Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 2021 йил 18-19 февралдаги ташрифи вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки бир қатор истиболли лойиҳалар кўриб чиқилди ва амалиётга татбиқ этиш тавсия қилинди. Айни пайтда уларни амалга ошириш юзасидан қизғин иш олиб борилмоқда. Ўша вақтда қўйилган  вазифалар  ижроси таъминланмоқда ҳам.

Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги «Саховат уйи»да  бўлиб,  бу ердаги шарт-шароитлар билан  яқиндан танишган эди. Бино анчагина эскириб қолганлиги учун якка-ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бор фуқароларга мўлжалланган янги мажмуа барпо этиш топшириғи  берилганди. Орадан тўрт ой ўтди. Бу муддат ичида Наманган шаҳрининг  Давлатобод туманидаги «Орзу» маҳалласининг  баҳаво жойида замонавий мажмуа қурилиши олиб борилди. Куни кеча объектни фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.

- Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари қатори партиямиз фаоллари ҳам иштирок этдилар, - дейди «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. - Бу ерда яратилган шарт-шароитлар ҳаммага манзур бўлди. Бинокорларнинг астойдил ишлаб, қурилишда юксак сифатни таъминлаганликларидан мамнун бўлдик. Ҳамма улар давлатимиз раҳбари топшириғини қисқа муддатда бажарганликларини қайд этди. 

Мажмуадан 120 ўринли уч қаватли ётоқ корпуси ва бошқа хўжалик иншоотлари ўрин олган. Яшовчиларга мўлжалланган тўртта коттежда ҳар бир яшовчи учун алоҳида хоналар ташкил этилган бўлиб, телевизор, музлатгич, душ ва кундалик турмушнинг бошқа зарур воситалари билан жиҳозланган. Муолажа ва физиотерапия хоналари, сув ҳавзаси, тренажёр зали бу ерда яшовчиларнинг бино ичидан чиқмаган ҳолда саломатликларини тиклашлари учун хизмат қилади.

Бунга  давлат  бюджетидан 18,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Тақдимот иштирокчилари  мазкур «Саховат уйи»  халқимизнинг миллий қадриятларидан бири бўлмиш меҳр-мурувватлилик фазилатининг ёрқин ифодаси бўлганлигини таъкидладилар.   Ҳозиргача эски  бинода истиқомат қилиб келган 14 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган фуқаро янги турар-жойга кўчиб кирди.

Тақдимотда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди ва «Саховат уйи» жамоасига Президент совғаси – “Isuzu” автобуси калитини  топширди.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+