“Саховат ва кўмак”: Кўпдан қуён қочиб қутулмас

24.04.2020 13:04:38

Халқ – қудратли куч. Халқ бир бурдадан йиғиб бўлса ҳам оч-наҳор қатламни едириб-ичириб, кийинтира олади.

Айниқса эл учун оғир, машаққатли ва синовли кунларда халқнинг саховатпешалиги, инсонпарварлиги, меҳр-оқибати янада яққолроқ намоён бўлади. Оқсоч тарих бундай воқеликларга кўп гувоҳ бўлган.

Яқин ўтмишга мурожаат қилсак ҳам, ўтган аср ўттизинчи йилларидаги мудҳиш очарчилик йилларида Тошкент, демакки бутун Ўзбекистон юртимиз хорижидаги минг-минглаб оч одамлар учун нон шаҳрига айланганини эсласак бўлади. Ёхуд, иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг бағрикенглиги, болапарварлиги, бир майизни муҳтожлар билан қирқ бўлиб ейиши тилларда афсоналарга айланмадими...

Ғурур билан эътироф этамиз, меҳр-саховат, оқибат, ҳиммат, инсонпарварлик халқимизга доимий эш бўлиб келаётган бебаҳо фазилатлардир. 

Ўзбекистон Респубилкаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселекторда бошқа дорлзарб масалалар қатори аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди ва халқимизнинг тарихий, маънавий қадриятларини ҳисобга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман!” дея таъкидлаб ўтди Президент.

Саховат ва кўмак.  Бугунги синов даврида кун тартибига кўтарилган энг муҳим масалалардан бири.

Атрофга қарайлик. Вақтинча ишламаётган, иш жойидан таътилга чиқарилган ёрдамга муҳтож фуқаролар, оилалар қанчадан-қанча. Бундай муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, керакли дори-дармон билан манзилли таъминлаш зарур. Бу эзгу мақсад йўлида бирлашсак, албатта, ўзамиз.

Шукрки, элимизда саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар мўл. Бугунги оғир шароитда эҳтиёжманд юртдошларимизга беғараз кўмак қўлини чўзаётган инсонлар керагича топилади. Улар ўз ёрдамларини кўз-кўзламаяптилар, кўп ҳолларда бундай яхшиликлар пинҳона қилинмоқда. Аммо халқ барибир ўз қаҳрамонларнини билади, танийди. Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, ҳали бундай замонамиз қаҳрамонлари ҳақида китоблар ёзилади, шеърлар битилади.

Шундай шароитда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилганлигида ҳам рамзий маъно бор. Биз сахотвапеша, матонатли халқмиз. Биз улуғ халқмиз. Биз бугун кўринмас душман – коронавирусга қарши жанг олиб бормоқдамиз. Бу жангнинг қаҳрамони – бутун халқ бўлиб қолажак!

Дилшод ХАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+