Янгиликлар 2632
“Саховат ва кўмак”: “Мадад” бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга тайёр!
Жаҳоннинг аксарият давлатларида ижтимоий-иқтисодий, молиявий муаммолар келтириб чикарган коронавирус пандемияси бизнинг республикамизни хам четлаб ўтмади. Минг шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимизнинг оқилона ва халқчил сиёсати туфайли ушбу офатдан юзага келиши мумкин бўлган зарарни имкони борича камайтиришга эришилмоқда.
Якинда оммавий ахборот воситаларида маълум қилинишича, ушбу офат даф қилингандан кейин дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида озиқ-овқат танқислиги рўй бериб, уларнинг аҳолиси очлик балосига дуч келишлари башорат қилинди. Республикамизда кўрилаётган чоралар, қабул қилинаёган тегишли ҳужжатлар бизда ана шундай аҳвол юз бермаслигини кўзда тутиб қилинмоқда.
Жумладан, ўз вақтида киритилган карантин тадбирлари туфайли бу юқумли касалликнинг жуда кенг тарқалишига тўсиқ қўйилди. Гарчи бу тадбир одамларга бироз ноқулайликлар келтириб чиққан бўлсада, аҳволнинг жиддийлигини тушунган халқимиз талабларга риоя қилаётгани ижобий ҳолатдир.
Кредитлар, солиқлар, коммунал ва бошқа тўловларни тўлашга берилган енгилликлар ҳамда мазкур тўловларни тўлаш муддатларини узайтирилгани ҳам халқимиз учун берилган иқтисодий имтиёздир.
Президентимиз кўрсатмаларига асосан моддий жиҳатдан қийналган фуқароларимиз, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бўлган шахсларнинг ҳар бир маҳалла бўйича аниқ рўйхати тузилиб уларга имкон даражасида моддий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида жамғарма ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилганлиги давлатимиз ва унинг ички сиёсатининг нақадар халқчил эканлигига яна бир ишончли далилидир.
Касалликка чалинганларни даволаш, бошқалар уни орттириб олмасликлари учун ўн минглаб одамларни карантида ушлаб туриш, тиббиёт муассасаларини зарур дори-дармонлар ва керакли жиҳозлар билан мунтазам ва етарли миқдорда таъминлаш ўз-ўзидан аёнки, давлат бюджетининг катта қисмини шу ишларга ажратишни тақозо этади. Ҳисоб-китобларга кўра бир беморни даволаш учун 33 миллион сўм, касаллиги оғир кечган беморга эса 66 миллион сўмга яқин маблағ талаб этилади. Мамлакат хазинаси эса ишлаб чиқариш жараёни тўхтовсиз давом этсагина тўлиши мумкин. Шундай экан, бу жараённи тўхтаб қолишига йўл қўймаслик, айни бир вақтда одамлар саломатлигини ҳаётга хавф солувчи ҳар қандай бало-қазолардан асраш осон иш эмас.
Бу балони даф этиш мақсадида давлат катта маблағлар ажратгани, қатъий кураш олиб боргани билан одамларимиз шифокорларнинг тавсиясига амал қилмаса, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча ҳаракатлар зое кетиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланиб, жорий йилнинг 27 мартида матбуотда эълон қилингандан кучга кирди.
Қонунга асосан давлат шахсни тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ҳамда бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаганлик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Агар шундай ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса 7 йилгача, бир қанча одамларнинг ўлимига сабаб бўлса 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Шунингдек, ушбу қонун асосида муқаддам мавжуд бўлмаган янги модда (244-5) бўйича юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўллашни назарда тутувчи 29-2-модда киритилди.
Унга кўра карантин шароитида эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузган шахсга нисбатан тиббий мажбурлов чоралари қўлланилади. Тиббий мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга амалга оширилади.
Ушбу модда амалда санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузган ва айни пайтда касалликнинг янада кенгроқ тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган шахсни жамиятдан ажратган ҳолда мажбурий равишда даволаш имкониятини беради.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар! “Мадад” нодавлат нотижорат шаклидаги ташкилотининг туман-шаҳарлардаги ҳуқуқий маслаҳат бюролари мутахассислари Сизларга ҳозирги вақтда интернет орқали қонунчилигимизни барча соҳалари бўйича бепул, тўлиқ, батафсил ҳуқуқий маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатишга ва карантин тугаганидан сўнг эса мурожаат қилинаётган масалаларга тегишли бўлган ҳуқуқий ҳужжатларни имкон даражасида нусхаларини ҳам тақдим этишга тайёрлар.
Азиз ватандошлар! Ҳаёт бизни ақл-идрокимиз, маданиятимиз, бурчимиз, сабр-тоқатимиз, қолаверса ахлоқ-одобимизни синовдан ўтказмоқда. Ушбу синовга бардош бериб ва ютиб чиқиб, дунёнинг бошқа халқларига ўрнак бўлайлик!
Алижон ХАЙРУЛЛАЕВ,
“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти
Шайҳонтохур тумани ҳуқуқий маслаҳат
бюросининг бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг