Янгиликлар 3046
“Саховат ва кўмак”: Рамазон эҳсонга чорламоқда
Бу сафарги Рамазон мураккаб даврга тўғри келди. Бутун дунёдаги мусулмонлар тоат-ибодатни коронавирус пандемияси авж олган бир шароитда ўтказмоқдалар. Шунга қарамай атрофдаги инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ночорларга ёрдам бериш анъаналарига қатъий риоя қилинмоқда. Янгиқўрғон туманида ҳам бундай хайрли ишлар кенг кўламда давом этмоқда. Эътиборли жиҳати – бунда “Адолат” СДП аъзолари ҳам барчага ўрнак бўлмоқдалар.
– Ҳар бир кишининг қалбидаги муҳаббат оламга ва одамга бўлган меҳрдан юзага келади, - дейди туман партия кенгашининг раиси Раҳимжон Тошматов. – Бунинг учун атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз, эҳтиёжмандлардан ёрдамимизни аямаслигимиз даркор. Юртимизда айни вақтда авж олган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ҳам бунга яққол мисол бўлади. Мурувват ва ўзаро ҳамжиҳатлик ҳаммамизга бахт-саодат келтиради.
Бу фикрларни халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Гулчеҳра Усмонова ҳам якдиллик билан қўллаб-қувватлайди. У яқинда ўз сайлов округи жойлашган Бирлашган қишлоғи ҳудудида яшовчи кекса отахон ва онахонлардан хабар олди. Уларга Хотира ва кадрлаш куни муносабати билан совға-саломлар такдим этилди. Шу жараёнда маҳаллаларда аҳоли томорқалардан қандай фойдаланаётгани мониторингдан ўтказилди. Фуқаролар ва деҳқон хўжаликлари эгалари ўртасида сўров ўтказилиб, мавжуд муаммолар аниқланди. Улар асосида умумлаштирилган маълумот тайёрланади ва ҳокимиятнинг тегишли мутасаддилари эътиборига ҳавола этилади.
Партиямиздан туман кенгашига сайланган депутат Шавкатжон Ғайбуллаев эса Қизилқиёқ қишлоғидаги кам таминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, вақтинча ишсиз қолган оилаларни ўз назоратига олган. Мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар олиш ва беғараз кўмак кўрсатиш ташкил этилмоқда.
Янгиқўрғонлик сафдошларимиз хайрия тадбирларини кўпинча ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказмоқдалар. Улар орасида Ногиронлар жамиятининг туман бўлими ҳам бор. Куни кеча мазкур ташкилот раҳбари Рислиғой Отамирзаева ҳамда партиямиз фаоллари ҳамда кам таъминланган имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олдилар. “Қораёнтоқ” МФЙдан Лочинбек Ёқубов, “Ғайрат” МФЙдан Маҳбуба Юсуфжонова, “Боғистон” МФЙдан Маъруфжон Саидов каби биринчи гуруҳ ногиронларига кундалик эхтиёж маҳсулотлари - ёғ, ун, гурунч, чой, макарон, шакар, тухумдан иборат бўлган тўпламлар топширилди. Бунда ҳиммати баланд маҳаллий тадбиркорларнинг имкониятларидан кенг фойдаланилди.
Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли
Фикрингизни қолдиринг