"Саховат ва кўмак": САХОВАТдек олий туйғу ҳар қандай синовни енгишга КЎМАК беради

22.04.2020 10:04:29

Айни пайтдаодамларниўз таъсири доирасида ушлаб турган коронавирус пандемияси барча давлатларни зарур чора-тадбирларни кўришга мажбур этмоқда. Мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ушбу офат у қадар кенг тарқалишига йўл қўйилмади.

Давлатимиз раҳбари 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида ана шу масалада сўз юритаркан, кўрилган чоралар натижасида аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатгани ёки тўлиқ қувват билан ишламаётганлигини, бу ҳолат юртимиз аҳолиси ҳаётига таъсир ўтказаётганини айтиб ўтди.Шу сабабли ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор, ёлғиз яшовчи фуқароларниҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб, ҳозирда вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидланди.

Айтиш жоизки, ҳозирги мураккаб вазиятда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам ишсиз, кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиб бораётир. Мазкур ҳолатни юмшатиш вааҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чоралар кўрилди.

Бу борада ҳозирда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини зарур маҳсулотлар билан таъминлаш йўлида олиб борилаётган хайрия тадбирларини алоҳида айтиш зарур.

Президентимиз йиғилишда шу каби ижтимоий ҳимоя чораларини янада кенгайтириш, халқимизга хос бўлган меҳр-саховат, ўзгалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам кўрсатиш каби юксак инсоний ташаббусларни юзага чиқариш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ҳаётга татбиқ этиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, ўз сўзида яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келишини назарда тутиб, бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини алоҳида қайд этди. Ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ эканлигига урғу берди.

Бир неча кун олдин эълон қилинган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги Баёнотида ҳам шу ҳақида сўз юритилганига эътибор қаратинг. Карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадидаифторлик маросимлари учун мўлжаллаган, закот маблағлари ва фитр, фидя садақаларини“Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказиш ҳамда “Вақф” хайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ўтказиш тавсия этилди.

Қўли очиқлик халқимизга хос фазилат. Элимиз орасида тарқалган “Қўли очиқнинг йўли очиқ”, “Яхшилик қил, сувга от. Балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар” деган пурҳикмат сўзлар замирида ҳам ана шу ҳақиқат мужассам. Буни теран англаган савобталаб инсонлар кундан-кун кўпайиб бормоқда.

Йиғилишда ана шундай саховатпеша инсонлар, тадбиркорларнинг ўз атрофидаги эҳтиёжманд аҳоли қатламига имкон даражасида ёрдам бериши лозимлиги тилга олинди. Давлат томонидан ҳам бу каби саховатпеша тадбиркорларимизга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилиши, бу жараёнда йирик корхоналар, уларнинг жойлардаги таркибий бўлинмалари, фермерлар ва кластер хўжаликлари ҳам ихтиёрий қатнашиши муҳим эканлиги таъкидланди.

Юртбошимиз бу ташаббуслар Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши ҳақида айтиб ўтиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман,” дея барчани мазкур ҳаракатни оммалаштиришга, бунинг учун янада фаол бўлишга чақирдилар.

Албатта, саховатпеша халқимиз бундай эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Бу ишларда ўрнак кўрсатиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлари, фаоллари ва аъзоларининг хайрли ишлари эса янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

МАтбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+