"Саховат ва кўмак": Синовдан қудратли бўлиб ўтамиз

22.04.2020 12:04:24

Президентимиз Шавкат Мирзиёев саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселекторда бугунги кун учун ўта муҳим бўлган қатор муаммолар ҳамда уларнинг оптимал ечимлари хусусида батафсил сўз юритди.   

Жумладан, давлатимиз етакчиси айрим хорижий давлатларда коронавирусдан жабр кўрганларга давлат нақд пул кўринишида ёрдам берилаётганлигини, бироқ бу тажриба бизнинг шароитда ўзини оқламаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, бундай қўмак манзилли бўлиши, айнан муҳтожлар қўлига етиб бориши шарт. Афсуски, ҳалига довур юртимизда кам таъминланган фуқароларнинг ишончли рўйхати мавжуд эмас. Кўп ҳолларда маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари иштирокида тузилган рўйхатлар эса тўлиқ эмас. Айнан шу сабабли ҳам бугун баъзи ҳолларда ҳукумат ёки якка шасхлар томонидан кўрсатилаётган ёрдам ҳақиқий муҳтожларга эмас, қўша-қўша ҳовлисию машинаси бор давлатмандларга етиб бораётганлиги ҳам сир эмас.

Бундай шароитда вазият биздан фақат ўзимизга хос ва мос бўлган йўлни тутишни тақозо этмоқда. Зеро, доно халқимиз бежиз ётиб еганга тоғ чидамас, ҳикматини бот-бот такрорламайди. Энг муҳими эса одамлар онг-шуурида, тафаккурида ўзгаришлар юз берган. Бозор иқтисодиёти, бунинг устига ҳамаммиз учун оғир кечаётган синов даврида фуқароларимиз аллақачон текин балиқ сўрашдан кўра, балиқ ушлаш йўлини ўрганиш афзалроқ эканлигини билиб олишган.

Шу сабабдан ҳам Юртбошимизнинг жойларда тадбиркорлар ва фермерларга имтиёзлар бериш орқали кам таъминланганларни иш билан таъминлаш, уларга истеъмол молларини манзилли етказиб бериш борасидаги таклифи бугунги шароит учун энг мақбул ҳамда самарали чора-тадбирдир.

Албатта, яхши биламиз, дунё иқтисодий амалиётида меценатлик фаолияти кенг қўллаб-қувватланади. Дейлик, адабиёт, санъат, маданият соҳаларига маблағ ажратган ташкилот ва корхоналар, йирик компаниялар солиқ имтиёзларига эга бўлади. Шу тажрибадан келиб чиққан ҳолда, юртимизда муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатган тадбиркорларга кам фоизли кредит ажратиш, солиқ ва кредит таътили бериш, фермерларга эса ўғит-ёқилғини 20 фоизгача арзон нархларда етказиб бериш амалиётлари қўлланила бошланади. Бошқача айтганда, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади. Бу эса, шубҳасиз, ҳам тадбиркор-фермер, ҳам ўша ҳудуддаги кам таъминланган оилалар манфаатлари учун хизмат қилади.

Мавлудахон АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+