Сайлов – демократик ислоҳотлар натижаси

03.08.2021 17:08:38

 

Башарият тафаккури ва дунёқараши ривожланиб борар экан у билан ҳамоҳанг тарзда ижтимоий воқелик ҳам ўзгариб боради. Буюк мутафаккир Абу Наср Фаробий таъбири билан айтганда, инсон тафаккурининг камол топиб бориши мавжуд жамиятга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Янгилаётган тафаккур янгича ислоҳотларга замин яратади. Жамият эса ислоҳотлар билангина тирикдир. Ислоҳотлар айни пайтда ижтимоий воқеликнинг таркиби сифатида давр билан ҳамнафас такомиллашиб, ўзгариб, янгиланиб бораверади. Буни ҳозирда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар билан ҳам қиёсласак бўлади. Мисол учун сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли изчил демократик ислоҳотлар натижаси ўлароқ, мамлакатимизда аҳолининг сиёсий дунёқараши, савияси, сиёсий онги ва маданияти юксалиб, сиёсий жараёнларда фаол иштироки кузатилмоқда. Бу албатта, сайловларда ҳам ўз аксини топмоқда. Буни биз фуқароларимиз, хусусан ёшларимизнинг муносабати мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бугунги кунда Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва уни тан олинган халқаро андозалар асосида ўтказиш жараёни ҳам янгича сиёсий тафаккурнинг меваси дейишимиз мумкин.

Ҳақли равишда айтиш мумкинки, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга қаратилган креатив сиёсати мамлакатимизда миллий ренессансга тамал тошини қўйди. Бу бир томондан, мамлакатимизда рўй бераётган кенг кўламли демократик ислоҳотларга замин яратаётган бўлса, иккинчи томондан, бу жараённинг ўзи янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги сиёсий ислоҳотларнинг бориши ва мазмунига таъсир кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган бу каби демократик жараёнларнинг барчаси миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашувини, парламент ва Президентлик сайловларининг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал сиёсий тизимнинг шаклланишига олиб келди. Бу айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш йўлидаги принципиал қадам бўлди. Мазкур ислоҳотлар замирида халқимизнинг фаровонлиги, мамлакатимизнинг тинчлиги, юртимизнинг озод ва ободлигини таъминлаш ётади. Фикримизни янада ёрқинроқ ифодалайдиган бўлсак, собитқадамлик билан амалга оширилган демократик ислоҳотлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади. Қолаверса, демократия сари интилган ҳар бир давлатда фуқароларнинг сиёсий онги ва маданияти юксалиб, давлат бошқарувидаги иштироки, ўз манфаатларини ифодалашга бўлган интилиши янада кучлироқ намоён бўлади. Бу эса албатта, эркин сайловларда ўз ифодасини топади.        Умумэътироф этилган талаблар асосида ишлаб чиқилган сайловга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунларимиз эркин ва адолатли сайлов жараёнларини ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда. Улар ўз навбатида, фуқароларимизнинг сайлов жараёнида эркин танловни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

Кўплаб демократик давлатларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам сайлов жараёнида фуқароларнинг эркин танловига шарт-шароит яратиш борасида бир қанча амалий ишлар қилинмоқда. Ўзбекистондаги сайлов билан боғлиқ демократик ислоҳотлар ҳорижлик мутахассис-экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Уларнинг фикрича, сиёсий ҳаётни эркинлаштиришга қаратилган демократик ислоҳотлар билан янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида муҳим қадам ташланаётгани, жамиятдаги барқарорликни таъминлашга, аҳолининг кенг қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга хизмат қилувчи сайлов қонунчилиги асосларини янада такомиллаштираётганини қайд этмоқдалар. Дарҳақиқат, ўтган беш йиллик давр мамлакатимизда миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкамланиши ва демократик анъаналарнинг ривожланиши босқичи бўлди. Бу давр мобайнида фуқароларнинг сиёсий жараёнларда, давлат ва жамиятни бошқаришда иштирок этишининг ҳуқуқий асослари ва механизмлари мунтазам такомиллаштириб борилди. Ўзбекистонда нафақат сайлов қонунчилиги янгиланди, балки сайловларга бўлган ёндашув фалсафаси ҳам ўзгарди.

Сайлов демократик ислоҳотлар натижаси сифатида фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришга фаол жалб қилишнинг энг муҳим шаклларидан биридир. Ўзбекистонда сайлов тизими ва сайлов ҳуқуқи чинакам демократик принципларга асосланган бўлиб, принциплар Ўзбекистон фуқароларининг давлат суверенитетини тўлиқ амалга оширишни таъминлайди. Фуқароларни сайловга жалб этиш, сайловни ташкил қилиш ва номзодларнинг сайловчилар билан ўзаро муносабатларини белгилайдиган тартиби демократик сайлов тизими дейилади. Ҳар қандай демократик йўлдан ривожланаётган давлат сингари, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида белгилаб қўйилганидек, сайлов жараёни бир-бирини тўлдирувчи ва айни вақтда кетма-кет келувчи бир қанча босқичлардан иборат. Сайлов жараёнининг босқичлари бу сайловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг белгиланган даврларидир. Улар доирасида қонунларда кўзда тутилган сайлов босқичлари, шунингдек сайловчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига оид ҳуқуқларнинг амалга оширилишини таъминловчи сайлов ҳаракатлари амалга оширилади.

 Айни пайтда Фарғона давлат университети жамоаси, талаба-ёшлари ҳам Ватанимиз келажагига дахлдор бўлган бундай улкан сиёсий тадбирга турли даражадаги илмий-амалий ва тарғибот ишлари орқали ўз ҳиссасини қўшиш билан сиёсий фаоллик кўрсатмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки, мамлакат учун муносиб раҳбар сайлашда иштирок этиш -  юрт тақдирига даҳлдорлик туйғусини ҳис этиш албатта, барчамиз учун аҳамиятлидир. Сайловчиларнинг сиёсий билимларини ошириш, аҳолининг, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, электорал фаоллигини кучайтириш борасида университетнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида жойларда сайёр семинарлар, ўқувлар ташкил этиб келинмоқда.

 Бундан мақсад эса демократик ислоҳотлар натижаси бўлмиш сайловларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка, айниқса ёшларга тушунтириш ва шу асосда уларни яқинлашиб келаётган Президентлик сайлови кампаниясида фаол иштирок этишини таъминлашга эришишдир.

Қайд этиш жоизки, бугунги ёшларимизнинг сиёсий дунёқараши тобора камол топиб, давлат ва жамият миқёсида рўй бераётган жараёнларга муносабатларини билдира бошлашлари  - сайлов ислоҳотлари самарасидир. Ҳар бир ёш ўз тақдирини юрт тақдири билан боғлар экан, эртага сайловларда сайловчи сифатида тўғри танлов қила олиши, тенглик принципига амал қилиши, жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар сайлов ҳуқуқидан фойдаланишни билиши  - бу бизнинг бугунги амалий ҳаракатларимизга боғлиқдир.

 

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+