Сайлов кодексидаги ўзгаришлар янги кўрсаткичларни белгилайди

17.09.2019 16:09:20

Сиёсий билимга эга инсонгина жамиятда содир бўлаётган жараёнларга тўғри ёндашади ва тўғри фикр билдира олади. Ушбу билимлар сайлов кампанияси давомида тўғри танловни амалга оширишда асқотади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилингани ҳам фуқароларимизнинг сиёсий билимини оширишга хизмат қилади. Фуқароларнинг жамият ҳаётига ва давлат сиёсатига муносабат билдира олиши ва сиёсатни тўғри англаши, дахлдорлик ҳисси билан яшашига эришиш мамлакат ривожи ва салоҳиятига жуда катта таъсир кўрсатади. 

Мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини  кафолатлаш, сайловолди жараёни ҳамда сайловда қонун устуворлиги ва қонунийликка сўзсиз риоя этилиши, аҳоли кенг қатламининг ўз фуқаролик позициясини намоён қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, жорий йилда Президентимиз томонидан Сайлов кодексига ҳуқуқий норма ва янгиликлар киритилган бўлиб, бу йилги сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилиниши шубҳасиз.

Ушбу Сайлов кодекси сайлов муносабатларини тартибга солувчи бешта қонун ва бошқа нормаларни бирлаштириш ва такомиллаштириш натижасида қабул қилинган бўлиб, кўплаб янги ўзгартиришлар киритилди. Улардан бири сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилашдир. Яъни, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилиши белгиланди. Илгари 135 та округ тузилар ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланар эди. Ушбу кодексда эса Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилганлиги боис, мазкур партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда Қонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши белгиланди. Шунингдек, бу йилги сайловларда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиши белгилаб қўйилди. Унга кўра сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Кодексдаги яна бир муҳим жиҳат, сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди. Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу очиқлик, ошкоралик, жамоатчилик назорати таъминланишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, овоз бериш сайлов куни 6:00 да эмас балки, 8:00 да бошланади ва 20:00 да ўз фаолиятини якунлайди. Муддатидан аввал овоз берувчилар учун эса “сайлов варақаси” деган тушунча бекор қилинди. Эндиликда бу тушунча қонунчиликдан чиқарилиб, барча овоз берувчилар учун фақат сайлов бюллетени бўлиши белгиланди.

Сайлов жараёнларидаги жамоатчилик назорати, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида сайловчи турган жойида овоз бериш вақтида кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкинлиги кодексда қайд этилгани ҳам қувонарли, албатта. Сабаби оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки сайловлардаги адолатлилик ва ҳақиқатни кўрсатувчи асосий восита бўлиб хизмат қилади.

Айтиш жоизки, эндиликда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Шунингдек, кодексда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг белгилаётганда бир эмас, балки “+” ёки“√” ёхуд “х” белгисини қўйиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Кодексдаги яна бир муҳим жиҳат, эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқаролар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Уларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам сайлов участкалари тузилади.

Кўриниб турибдики, 2019 йил декабрь ойида парламентга ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар янада демократик тарзда ва ошкоралик руҳида бўлиб ўтади. Бу каби ўзгаришларнинг барчаси албатта, фуқароларимизнинг манфаати йўлида ҳамда жамиятда адолатли демократик жамиятни қуриш мақсадида олиб борилмоқда. Зеро, фуқаролар бўлажак сайловларда хал қилувчи овоз эгасидирлар.  Ишонамизки, улар ҳам ушбу кодексдаги ўзгаришлардан мамнун ва унумли фойдаланган ҳолда бу йилги сайловларда тўғри танлов асосида ўзининг муносиб иштирокини таъминлайдилар.

Наргиза АКРАМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

туманлараро ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+