Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда

05.05.2021 17:05:43

Бугунги кунда миллий сайлов қонунчилигимизни мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий-демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш ва уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг миқёсда муҳокама қилинди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилда депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида сайлов бўйича киритилган иккинчи қонун лойиҳаси ҳисобланади.

Аввалроқ қабул қилинган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши  муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига  ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, жойлардаги округ сайлов  комиссиясидан номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш ваколати чиқариб ташланди ва номзодларнинг аҳоли билан сайловолди учрашувлари ҳудудий сиёсий партия ташкилотлари зиммасига юклатилди.

Шунингдек, 2019 йилги сайлов амалиётидан келиб чиқиб, чет давлатларда бўлиб турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш тартибини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига янги 271 –модда киритилди. Ушбу модда билан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Куни кеча Қуйи палатада кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича маърузада таъкидланганидек, мазкур ҳужжат қонунчиликда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ киритилган бўлиб, Сайлов кодексининг 11 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда миллий қонунчилик таҳлили асосида ишлаб чиқилган таклифлар ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг мамлакатимизда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари ҳисобга олинган.

Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра:

сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар туман (шаҳар) ҳокимликларини камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказиш;

сайловчилар партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйганда маълумотномада идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини киритиш;

сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни фақат суд томонидан кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси 11-18 нафар аъзодан иборат таркибда тузиш таклиф этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонунни қабул қилиш умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+