Сайлов жараёнининг энг муҳим иштирокчиси ким?

26.09.2019 18:09:26

Жорий йилда парламент қуйи бўғини ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган депутатлик сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни самарали ташкил этиш мақсадида «Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси» мавзусида семинар-тренинг курслари ўтказилиб, тренерлар босқичма-босқич ўқитилиб келинди.

Ушбу семинар-тренингларда иштирок этиб ўз билим ва малакаларини оширган тренерлар томонидан сайлов участкаларида кузатувчи ҳамда ваколатли вакил сифатида фаолият олиб борадиганлар учун шаҳар ва туманларда ўқув-семинарлари бошлаб юборилди.

Шундай тадбирларнинг бири Нукус шаҳридаги 38-сонли умумтаълим мактабида «Кузатувчи ва ваколатли вакил - сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси» мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Қорақалпоғистон Республикаси  ва  Нукус  шаҳар  Кенгашлари ходимларидан иборат тренерлар, Нукус шаҳридаги ҳар бир сайлов участкаларига бириктириладиган кузатувчи ҳамда ваколатли вакиллар, партия фаоллари иштирок этишди.

Бу йилги сайловлар янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Шу боис ушбу ўқув-семинар давомида Сайлов кодексининг аҳамияти, кодекда белгиланган кузатувчи ҳамда ваколатли вакилларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида интерактив усуллар орқали иштирокчиларнинг билимларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Ўқув семинар давомида тренерлар томонидан «Сайлов кодекси – сайлов тизимининг ҳуқуқий асоси», «Кузатувчининг ҳукуқ ва мажбуриятлари» ва «Ваколатли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари» каби қатор мавзуларда маърузалар қилинди. 

Ўқув жараёнлари давомида шунингдек, сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясидаги иштироки, унинг нуфузини янада оширишда самарали сайлов дастурини ишлаб чиқиш, партия ва номзодлар имижини шакллантириш йўллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу ўқув семинарда олган билимлари бўлажак сайловларда жуда асқотиши семинар иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Жорий йилги сайловларда кузатувчи ва ваколатли вакилга сайлов жараёнининг мухим иштирокчиси сифатида қарар эканмиз, сайловнинг одил ва шаффофлик билан ўтишини таъминлаган бўламиз.

Айшолпан ОРАЗЫМБЕТОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

 Қорақалпоғистон Республикаси

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+