Сайлов жараёнларини ёритиш учун Халқаро медиа-холл ташкил этилди

17.10.2021 11:10:10

Айни пайтда мамлакатимиз тарихидаги муҳим сиёсий жараён – 2021 йил 24 октябрда ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловига ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

         Мазкур медиа-холлни ташкил қилишдан асосий мақсад сайлов жараёнлари ҳақида халқимиз ва дунё ҳамжамиятини мунтазам равишда, тезкор ва холисона хабардор қилишдан иборат.

         Медиа-холлда маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари учун турли брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ташкил қилиш, интервьюлар олиш, турли кўрсатувлар, медиа-маҳсулотлар суратга олиш учун барча шароитлар яратилди.

         Бу ерда мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг дастурлари тақдимоти, тегишли вазирлик ва идоралар, экспертлар иштирокида юртимизда сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда амалга оширилган ишлар бўйича мулоқотлар, долзарб мавзудаги бахс-мунозаралар, ёш журналистлар ва блогерлар иштирокидаги турли брифинглар, маҳорат дарслари, қизиқарли танловлар, жами 40 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

         Куни кеча пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Халқаро медиа-холлнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, дипломатик корпус, халқаро кузатувчилар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, фаол ёшлар иштирок этди.

         Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, Марказий Сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев, ЎЗЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Шерзод Олимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайловини кенг ва холисона ёритишда, сайловнинг халқаро андозаларга ва демократик тамойилларга мувофиқ тарзда ўтказилишида, оммавий ахборот воситалари учун транспарентлик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашда ушбу “Медиа - холл”нинг ташкил этилиши катта ёрдам беришини алоҳида таъкидладилар.

         Медиа-холлнинг мақсад ва вазифалари, унда яратилган шароитлар ва имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

         Шундан сўнг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар вакиллари сўзга чиқиб, ташвиқот жараёнлари ва медиа холлда яратилган шароитлар хусусида сўз юритишди. “Адолат” СДП ҳам бу жараёнда фаоллик кўрсатди.

         Тақдимот маросимида таниқли санъаткорлар куй-қўшиқлар билан иштирокчиларни мамнун этишди. Тадбирда Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган “Бир кунлик тўй” бадиий фильми намойиш этилди.

         “Халқаро медиа-холл” 2021 йилнинг 26 октябрига қадар ўз фаолиятини давом эттиради.

 

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+