Сайловчилар ишончига муносиб бўлайлик!

01.11.2019 19:11:18

Бугун халқимиз тақдири, мамлакатимиз келажагига дахлдор бўлган муҳим сиёсий тадбирга муносиб ҳозирлик кўрмоқдамиз. Сайлов кампаниясининг ҳозирги босқичида сиёсий партиялар ўз номзодлари ва унинг сайловолди дастурини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш учун ташвиқот тадбирларини кучайтирмоқда.

Айтиш лозимки, тарғибот ишларини кучайтиришдан ва жамоатчилик эътиборини қозонишдан қатъий назар, сайловчилар партиянинг амалга оширган ишлари кўламига қараб ишонч билдирадилар. Бу борада партиянинг Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Хусусан, 2017 йилда Бувайда туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабини капитал реконструкция қилиш учун давлат дастурига киритиш ташаббуси билан чиққан депутатлик гуруҳи айнан жорий йил бу масала юзасидан ушбу мактабнинг янги ва замонавий талаблар асосида қад ростлаб, янги ўқув йилига фойдаланишга топширилишига эришди.

2018 йили ушбу тумандаги 12-умумий ўрта таълим мактаби вилоят депутатлик гуруҳи томонидан ўрганилганда ушбу мактабнинг бошланғич синфлари учун хоналар етишмаслиги каби муаммолар ўртага ташланган эди. Ушбу муаммо юзасидан вилоят депутатлик гуруҳи  қўшимча яна битта янги бино қуриб бериш учун вилоят Кенгаши сессиясига масала киритишга муваффақ бўлди. Ушбу масала ҳам ўз ижобий ечимини топди. 140 ўринли янги қўшимча бино мазкур мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ихтиёрига топширилди. Жорий йилда ҳам Бувайда туманида фаолият олиб бораётган 8-умумий ўрта таълим мактабида 210 ўринли янги ўқув биноси замон талаблари асосида қурилиб, фойдаланишга топширилгани  қувонарлидир.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига партиянинг депутатлик гуруҳлари алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Мавжуд муаммоларни ўрганиб, ижобий ҳал этилиши учун астойдил меҳнат қилмоқдалар. Қишлоқларда асосан, аҳоли коммунал соҳаларда учрайдиган электр, газ, сув таъминотидаги муаммолардан шикоят қиладилар. Демакки, газ баллонлари етишмаслиги каби муаммолар бўлиши табиий. Худди шундай масалада мурожаат қилган Бувайда тумани “Олтинқўрғон” МФЙда яшовчи 2 нафар фуқарога 2 та, “Бекабод” МФЙда яшовчи 2 нафар фуқарога 2 та, “Бачқир” МФЙда яшовчи 4 нафар фуқарога 4 та, “Қорақум” МФЙда яшовчи 3 нафар фуқарога 3 та ҳамда “Пошшопирим” МФЙда яшовчи 2 нафар фуқарога 2 та  суюлтирилган газ баллонлари топширилди.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи Данғара туманида ҳам бир қанча амалий ишларни олиб борди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тумандаги қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктларининг ҳолати ва аҳолига қандай хизмат кўрсатилаётганлиги ўрганилди. Жумладан, тумандаги Тайпоқ қишлоғида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари – Абдураҳмон Қамбаров, Маъруфжон Холдоровлар 50 дан ортиқ хонадонларга кириб бордилар. Хонадон оила аъзоларининг саломатлиги, уларни қийнаб келаётган мавжуд тиббиётга алоқадор муаммолар батафсил ўрганилди. Суҳбатлар асосида фуқаро И.Тўраевда 1 дона ногиронлик аравачасига зарурат борлиги аниқланди ва аравача топширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 дан ортиқ фуқароларга маълум имтиёз асосида саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий йўлланма берилди. Хонадон эгалари, қишлоқ аёллари туманда патронаж тизимидан мамнунлиги, патронаж ҳамширалари ўз ишларига масъулият билан ёндошаётганликлари, бир ёшгача бўлган болалар, қаровга муҳтож ёлғиз қариялар, ҳомиладор аёллардан тез-тез хабар олаётганлигини таъкидладилар.

Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида Қўқон шаҳрида ишчи гуруҳ томонидан “Сарбоз” МФЙда сайловчилар билан ўтказилган мулоқот чоғида фуқаро З.Турсунов мурожаати ҳам қайд этилди. Мазкур масалани ўрганиб чиққан ишчи гуруҳ Қўқон шаҳар молия бўлими бошлиғи Муҳиддин Турдиқулов номига депутатлик сўрови йўллаган. Сўров натижасида, фуқарога етказилган моддий зарар ундириб берилди.

 Шу билан  бирга депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокамасидаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”, “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги ва бошқа долзарб қонун лойиҳаларига партиявий позицияларини ифода этувчи таклиф ва тавсиялар бериш, мансабдор шахслар эшитувларини ташкил қилиш, умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий хизмат ҳолатини ўрганиш, депутатлик сўровларининг ижобий натижасини ошириш каби йўналишларда самарали ишлар олиб борилди.

 Хулоса қилиб айтганда, ўтган давр мобайнида гуруҳ аъзоларининг сайловчилар мурожаатлари, депутатлик қабулхоналари орқали келиб тушган масалалар асосида 244 та яқин депутатлик сўровлари чиқарилган бўлса, уларнинг 227 таси ижобий ҳал этилди. Улар орасидаги ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, умумтаълим мактабларини қайта таъмирланиши, кам таъминланган оила аъзоларига моддий ва тиббий ёрдам кўрсатиш, маҳаллий йўлларни асфальтлаштириш, пластик карточка тизимида тўловларни амалга ошириш сингари мавжуд муаммолар бартараф этилди.

Камола ПОЛВОНОВА,

   Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+