Сайловчилар учун қулай шароит яратишга эътибор қаратилмоқда

27.01.2021 18:01:27

Демократик тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган мустақил Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимизнинг манфаатлари кўзланган буюк ислоҳотларни амалга оширишдир.

2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Сайлов жараёни бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим конституциявий-сиёсий муносабатлардан бири бўлиб, у фуқароларга давлат ҳокимияти органларига ўз вакилларини сайлаш имкониятини яратиб беради. Зеро, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини ҳеч тўсқинликсиз амалга оширишлари, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг энг муҳим кафолатларидан биридир.

2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш мақсадида «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг

айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–742-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.

Декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келиши сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши  натижасида сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ташкил этиш янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилишига олиб келиб, натижада Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлади.

Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланмоқда.

Асосий қонунимизга мувофиқ сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бундан ташқари, сайлов куни истиқомат жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз истиқомат жойидаги участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, муддатидан аввал овоз бериш хуқуқига эгалар.

Сайлов — ҳамиша ўзига хос синов. Мамлакат учун, сайланувчи ва сайловчилар учун ҳам. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек“Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”. Шундай экан, келинг, келаётган сайловда барчамиз фаол қатнашайлик.

 

Гулнисо САИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+