Сайловда менинг овозим муҳим!

25.08.2021 13:08:37

“Адолат” социал-демократик партияси Наманган вилоят ташкилоти ҳам шу йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашларида сайловолди штаблари тузилган. Уларда партия ходимлари, депутатлар ва фаоллар иш олиб бормоқдалар. Куни кеча “Адолат” СДПдан Президентликка кўрсатиладиган номзод учун имзо тўплаш жараёни охирига етди.

Айни пайтда жойларда сайловларнинг демократиянинг энг муҳим белгиларидан бири сифатидаги аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Айниқса, ёшлар учун Сайлов кодекси ҳақида маърузалар, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки ҳар бир фуқаро  ўз сайлов ҳуқиқини амалга ошириш орқали  давлат бошқарувида иштирок этишини англаб етиши муҳимдир.

Бу борада “Адолат” СДП Мингбулоқ туман кенгаши ҳам изчил фаолият олиб бормоқда. Яқинда “Мулкобод” маҳалла фуқаролар йиғинида  ташкил этилган давра суҳбатларидан бири “Сайловда менинг овозим муҳим” деб номланди. Унга асосан бу йилги Президент сайловида илк бор қатнашадиган йигит-қизлар таклиф қилинди. Тўпланганлар ҳузурида партия фаоллари, меҳнат фахрийлари сўзга чиқдилар. Албатта, навқирон авлод вакиллари ҳам ўз муносабатларини билдирдилар.

Давра суҳбатини “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. 12-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Дилдора Каримова, МФЙ раисининг ўринбосари Ёрқиной Қурбонова, туман халқ таълими бўлими услубчиси Шоира Турғунбоева, ёш сайловчи Искандар Деҳқонов ва бошқалар Президент сайлови халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан боғлиқ долзарб жараён эканлигини изҳор этиб, барчани унда фаол қатнашишга даъват этдилар.

Тадбирда ёшлар мамлакатимизнинг сайлов қонунчилигидаги энг муҳим жиҳатлар билан таништирилди.  Сайлов ўтказиш тартиб ва қоидалари, албатта, Конституцияда ва конституциявий ҳуқуқий ҳужжатларида белгилангандиги қайд этилди. Иштирокчилар Президентликка номзод кўрсатиш тартиб-қоидаларидан тортиб,  овоз бериш  қоидаларигача тўлиқ маълумотга эга бўлдилар. Сайловда қатнашадиган ҳар бир одамнинг овози Ватан тақдири ҳамда келажаги учун катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

“Адолат” СДП Мингбулоқ туман кенгаши фаоллари бу каби тадбирларни туманнинг бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ўтказишни режалаштирмоқдалар.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+