Янгиликлар 619
Сайловга масъулият билан ёндашиш керак
Фуқаролар сайлов кампаниясида иштирок этиш орқали сайлов ҳуқуқларини амалга оширадилар. Сайлов ўз келажаги, ватан равнақи, халқининг фаровонлигини таъминлаб бериш борасидаги сиёсий жараёндир.
Конституциямизнинг 74-моддасида акс этган ҳуқуқларимиздан бири — «Сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар» дейилган.
Бугун «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгашида бўлажак сайловларга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, сайловга оид қонунларни мукаммал билиш ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида партия фаоллари ва туман, шаҳар Кенгашлари раислари учун сиёсий ўқув ташкил этилди. Унда ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, партия Устави, Сайлов кодекси, «Сиёсий партиялар тўғрисида» ги қонунлар юзасидан атрофлича тушунча берди. Шунингдек,сиёсий ўқув иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали ўқитувчиси Дилафруз Ёвқочдиеванинг «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида» ги Конституциявий Қонуни ҳақидаги маърузаларини ҳам тингладилар.
-Мамлакатимизда сайловларнинг халқаро талаблар ва нормаларга мос умумеътироф этилган норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди,-деди Дилафруз Ёвқочдиева, — Шу билан биргаликда марказий сайлов комиссияси иштирокида ҳокимият органларига сайлов ўтказувчи комиссияларнинг яхлит мустақил тизими ташкил топди. Юртимиз фуқаролари ва сиёсий куч сифатида фаолият юритаётган барча сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин, фаол иштирок этиши учун замон талабларига жавоб берадиган ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техник шароитлар яратилди. Шу туфайли ҳам бўлажак сайловлар халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган норма ва тамойилларига тўлиқ мос ҳолда ўтказилишига эришиш зарур. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши билан «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги қонунларига, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Сиёсий ўқув тугагандан сўнг тингловчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.
-Ўқув ўз ўрнида жуда яхши ташкил этилди,-деди партиянинг Миришкор туман Кенгаши раиси Тўлқин Хидиров.-Сайловлар ҳақидаги билим ва кўникмаларимизни мустаҳкамлаб олдик. Дарҳақиқат, Ҳар қандай сайлов давлат аҳамиятидаги муҳим воқеалардан биридир. Сайловга ҳар бир инсон ўз умидлари учун овоз беради. Шунинг учун ҳам бу сиёсий тадбирга масъулият ва онгли равишда ёндашиш керак. Биз «адолатчилар» фуқаролар ўртасида сайловлар жараёнини тўғри тарғиб этишимиз ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун эса ўзимиз етарли сиёсий билимларга эга бўлмоғимиз лозим.
Гулноза Раджабова,
«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.
Фикрингизни қолдиринг