Янгиликлар 2299
Сайловлар бу шунчаки овоз бериш жараёни эмас
Гулистон шаҳрида “Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларга мамлакатимиз ва дунёнинг 30 га яқин нуқталарида туриб онлайн қатнашиш имкони берилди. Яъни, халқаро конференция ишида парламент, суд тизими, Марказий сайлов комиссияси, мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлилий марказлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ, шунингдек, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари) қатнашдилар.
Халқаро аҳамиятга молик анжуманни Вашингтон шаҳридан туриб онлайн қатнашаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов кириш сўзи билан очди. У Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, мамлакатимизнинг сайлов тажрибасини жаҳон ҳамжамияти билан ўртоқлашиш хоҳиши асосий мақсадлардан бири деди. Шунингдек, сайлов, бу маълум бир бекат эмас, балки доимий ҳаракатдаги, такомиллашиб борадиган жараён эканлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, аҳолининг сиёсий онги ва дунёқараши ўсиб бораётган айни даврда сайлов тизимидаги ўзига хослик ва миллий принципларнинг амалдаги ижросини таҳлил қилмасликнинг иложи йўқ.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ушбу Президент сайловидан олдин ўтказилаётган мазкур конференция ҳам Ўзбекистонда 2016 йилда бошланган ислоҳотлар ва янгиланишларнинг амалий намунаси бўлганини эътироф этар экан, бу йилги Президент сайловлари ҳам сиёсий-тарихий воқъелик сифатида тан олинишини таъкидлади. Конференцияда сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан ҳам тажриба ва фикр алмашилинди. Сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро тажриба ва фикр алмашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда хорижий экспертларнинг мулоҳазалари ҳам эшитилди. Жумладан "Президент сайловида халқаро кузатув: МДҲ ПА иштирокчи давлатлар тажрибаси" мавзусида МДҲ парламентлараро Кенгаш Котибияти Раҳбарининг ўринбосари Иван Мушкет маъруза қилган бўлса, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти Карла Луиш "Сайловда халқаро кузатув: тамойиллар ва стандартлар" тўғрисида батафсил тушунча бериб ўтди.
Маърузачилардан яна бири БМТ Тараққиёт дастурининг сайлов бўйича эксперти Георгий Бараташвили сайлов жараёнининг инклюзивлиги ва очиқлигини оширишда фуқаролик жамияти гуруҳларининг аҳамияти бўйича фикрларини билдириб, халқаро тажрибалар билан ўртоқлашди. Иштирокчилар сайловларда сиёсий партияларнинг иштироки: Ўзбекистон тажрибаси, сайлов жараёнининг инклюзивлиги ва очиқлигини таъминлашда фуқаролик жамияти гуруҳларининг аҳамияти, универсал ва минтақавий ҳужжатларда қайд қилинган сайлов ҳуқуқининг халқаро стандартларига оид масалалар юзасидан ҳам сўз юритишди. Бунда сиёсий партия раисларининг маърузаларига навбат берилди. Хусусан, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов "Бугунги кунда дунё жамияти тажрибаси миллий сайлов жараёнида муҳим ўрин тутади" мавзусида сўз юритди.
Халқаро конференциянинг 2 сессияси ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти, сайлов масалалари бўйича катта маслаҳатчи Алексей Громовнинг "Универсал ва минтақавий ҳужжатларда қайд қилинган сайлов ҳуқуқининг халқаро стандартлари" мавзусидаги маърузаси билан бошланди. Шундан сўнг Тараққиёт сиёсати институти, Қирғизистон Республикаси, БМТ Тараққиёт дастурининг сайлов бўйича эксперти Надежда Добрецова "Сайлов жараёнида сайловчилар ва номзодларнинг иштирокини кенгайтириш учун фуқаролик жамияти институтлари томонидан самарали ахборот кампаниясини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов давомида фуқаролик жамияти ташкилотларининг роли" юзасидан маърузаси тингланди.
Маърузаларда сайлов тизимига муайян таъсир кўрсатадиган янги омиллар пайдо бўлгани ҳақида ҳам сўз борди. Яъни ҳозирда ҳаётнинг барча соҳаларида кенг қўлланиладиган электрон ахборот технологиялари етакчи ўрин эгалламоқда. Дунёда сўнгги бир ярим йилда сайловлар пандемия шароитида бўлиб ўтмоқда, бу эса, ўзига хос янги чоралар қўллашни талаб қилмоқда. Конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирар экан, шу каби масалалар муҳокамасига урғу берилди. Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги шу давргача бўлиб ўтган сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек, халқаро стандартлар, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда электорал маданиятининг ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талабларини ҳисобга олган ҳолда жадал такомиллашиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими яратилиши кўп йиллик эволюцион жараён ва ҳар томонлама сиёсий мулоқот маҳсулидир. Мамлакатда соғлом партиялараро рақобат ва барча партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар яратилган, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларини адолатли тақсимлаш, овоз беришнинг ҳалол ва қонуний бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилгани ютуқ сифатида тилга олинди. Бу йилги Президент сайловлари пандемия даврига тўғри келаётгани сабабли Конференцияда пандемия шароитида сайлов жараёнига янги технологияларни жорий этиш, сайлов тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳуқуқий тартибга солишни янада кенгайтириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Халқаро анжуман якунида Ўзбекистоннинг сайлов сиёсати ва қонунчилигини такомиллаштиришга оид тавсиялар назарда тутилган Гулистон ҳужжати қабул қилинди.
Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг