Сайёр қабулда аҳоли муаммоларига ечим топилмоқда

25.02.2020 11:02:06

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Сенатор ва депутатлар сайёр қабули” ташкил этилди.

Халқ депутатлари Қибрай туман кенгашининг “Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси” иш режасига асосан ташкил этилган тадбирда “Бунёдкор”, “Наврўз”, “Маърифат”, “Бойжигит” маҳалла фуқаролари иштирок этдилар.

Олий Мажлис Сенати сенатори Малика Қодирхонова Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларга тўхталар экан, жорий беш йилликка сайланган депутатлар ва сенаторлар бевосита халқ билан яқин алоқада бўлиши зарурлиги, сайловчилар томонидан тушадиган мурожаатлар туман, вилоят ва Республика даражасида ҳал этилиши ҳақида тушунтириш берди.

Сайёр қабулда сенатор ва депутатларга аҳолидан ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳақида мурожаатлар бўлди.

Қорамурт кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Рихстилла Қаюмов ҳудуддаги “Лимончилик” ҚВП кўп йиллар аввал маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан қурилгани, ҳудуд аҳолисига хизмат қилгани ва яқин уч-тўрт йил ичида бу ҚВП оптималлаштириш сиёсатига кўра ёпилиб кетгани, бу эса кексалар ва ёш болали оналарга бошқа ҳудуддаги поликлиникага бориб келишда қатор қийинчиликлар туғдираётганини маълум қилди.

Шунингдек, ҳудуддаги 46-ўрта таълим мактаби директори Жамила Йўлчиева ҳам мазкур мактаб аввалги эски боғча ўрнига мослаштирилган 240 мактаб ўрнига мўлжаллангани, ҳозирда ўқувчилар сони 300 дан ошгани ва эндиликда қўшимча бино ва спорт зали қурилиши кераклигини маълум қилди. Мазкур мактабнинг 2019 йил 11-синфни 11 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шуларнинг 8 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Бу ҳудудда фаолият олиб бораётган 25-ўрта мактаб 600 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ярим ҳудуди мусиқа ва санъат мактабига берилган, эндиликда таълим икки сменада ташкил этилган ва табиийки, бу ҳудудда мактаб таълими бўйича ҳам ечилиши лозим бӯлган масалалар бор.

Шунингдек, Қибрай шаҳарчаси, “Ифтихор” маҳалла, Ўзгариш кўчаси 19, 19-А, 19-Б уйларда тадбиркорлик қилаётган фуқаролар томонидан ҳам мурожаат тушди. Маълум бўлишича, 2016 йилнинг сентябрь ойида туман заҳира еридан тадбиркорлар З.Сагдуллаев, Д.Умарова, Д. Хабибуллаеваларга енгил турдаги маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қуриш учун ер майдони ажратилган. 2017 йил январь ойида енгил типдаги хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши якунига етиш  арафасида туман ҳокими ер ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилган. Бундан бехабар тадбиркорлар май ойида ўз фаолиятини бошлаб, аҳолига хизмат кўрсатишни йўлга қўйган. Ҳозирда 10 дан зиёд тадбиркорлар 40 тадан ортиқ иш ўрни яратиб, аҳолига 10 дан зиёд  хизмат турларини кўрсатишмоқда. Лекин ўтган йиллар давомида тадбиркорлар судма-суд, идорама идора сарсон бўлиб, хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини буздиришдан тўхтатиб туриш билан сарсон. Айнан бугун ҳам МИБ бинони буздириш учун шай ҳолатда эшик қоқмоқда экан. Тадбиркорнинг бу масаласи йиғилишда  алоҳида қайд этилди.

Айнан шунга ўхшаш, яна бир ҳолат мурожаатчи томонидан маълум қилинди.

“Маърифат” маҳалласига қарашли 4 сотихли ер майдони бир неча йил аввал бир “шоввоз” томонидан икки хонали биноси билан кадастр ҳужжатлари тайёрланган. Маҳалла аҳлини эса “Сизлар учун гузар, новвойхона, сартарошхона ва шу каби бинолар қуриб берамиз”, дея ишонтирилиб, сотиб юборилган. Ҳозирда бу ерни сотиб олган янги харидор, кўп жойга “пул қистиргани”, кимларнингдир “оғзини ёпгани”, шу ҳаражатларни қайтариб беришса, бу ерни ташлаб кетишини рўкач қилмоқда экан. Маълум бўлишича, маҳалла фаоллари бир неча йилдирки, бу масала билан туман мутасаддиларига мурожаат қилишларига қарамай, муаммо ҳал этилмаган.

- Сайёр қабулда бу каби қонун бузилишлари, ўзининг шахсий муаммосига ечим тополмай юрган аҳоли ўз дардини тушунтирди. Биз бу мурожаатларнинг барчасини қабул қилдик ва қонун доирасида ҳал этишга кўмаклашишимизни тушунтирдик. Қолаверса, бу каби масалалар ечими ва ижроси ҳақида Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши сессиясига йил давомида қарийб 15 та масала киритиш доимий комиссия иш режасида тасдиқланган - дейди Халқ депутатлари Қибрай туман кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш доимий комиссияси аъзоси, Халқ депутатлари Қибрай туман кенгаши депутати Дониёр Юсупов.

Қабул жараёнида “Бобур” маҳалласи фуқароси  Мақсуда Ёқубованинг маълум қилишича, маҳалланинг 1 км.лик масофадаги ичимлик суви қувури таъмирталаб. Сув сотувчи идора ўз вазифасини бажармайди. Қувурлар ёрилиб, ундан чиқаётган тоза ичимлик суви канализация қувурига тўғридан-тўғри улаб қўйилган...

Бугун аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турган бир вақтда бундай ҳолат ҳақида изоҳ беришга тил ожизлик қилади.

Мухтасар айтганда, аҳоли билан ташкил этилган мазкур учрашув, йиллар давомида ўз ечимини кутиб турган муаммолар ва долзарб масалалар ечими учун айни вақтида ташкил этилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  депутатлари  аҳоли муаммоларига ижобий ечим топишда бор куч ва салоҳиятларини  сафарбар этадилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

  Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+