Саломатлик посбонлари – замонамиз қаҳрамонлари

26.05.2021 16:05:33

Саломатлик – энг буюк неъмат. Бу азиз неъматнинг мустаҳкамлиги ва бардавомлигини таъминлай олиш эса инсонга ато этилган гўзал фазилатлардан биридир. Шунинг учун ҳам элга шифо бағишлашни олий мақсад билиб, бор куч-салоҳиятини баҳшида этаётган тиббиёт ходимларининг меҳнати  юксак шарафга лойиқ.

Инсон хаста бўлганда нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам синиқликни бошдан кечиради.  Шундай экан ҳузурига ёрдам сўраб бораётган инсон хаста жисмига малҳам бўлишини истайди. Шифокорнинг  малакаси  ва  ширин сўзи эса унинг жонига жон, дардига дармон бўлади. Мамлакатимизда пандемик вазият ҳукм суриб, коронавирус касаллиги барчани даҳшатга солганида ҳам улар жонларини хатарга қўйиб,  ҳар жиҳатдан кўмак беришга ҳаракат қилдилар.  Шундай экан, эл саломатлиги ҳақида қайғуриб, илми ва умрини  беморга баҳшида қилаётган тиббиёт ходимлари доимо бизларнинг қаҳрамонларимиз бўлиб қолади. 

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ҳам фахрланса арзигулик кўплаб тиббиёт вакиллари фаолият юритиб келади. Жумладан, Фарғона вилояти 2-сонли Сил касалликларига қарши кураш диспансери қабулхона врач фтизиатри, "Дўстлик" ордени соҳибаси Раиса Ширгазина,  мазкур диспансернинг 2-бўлим бошлиғи Малика Исмоилова, шаҳар “Кардио сервис” хусусий шифохонаси кардиологи Ўктамжон  Тўхтабоев, Туғруқ бирлашмасига  қарашли  Қўқон шаҳар туғруқ комплекси кадрлар бўлими бошлиғи Мунаввар Усмоновалар  ҳам  замонамиз қаҳрамонлари. Уларнинг ҳар бири меҳнат фаолияти давомида  кўплаб инсонларнинг ҳаётга қайтиши, хасталикни енгиб ўтиши учун мададкор бўлганлар. Минглаб шогирдлар етиштириб, эл хизматига пайванд қилганлар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўқон шаҳар Кенгаши раиси Азиз Аҳмаджонов шифокорларни партиянинг “Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳаси доирасида табриклаб, уларга самимий тилакларини изҳор этди. 

– Бир беморнинг кўнглини кўтариш, ҳаётга муҳаббати ва курашувчанлигини  оширишнинг ҳам  машаққати бор, – дейди Кенгаш раиси. – Тиббиёт фидойилари эса сабот билан беморларга қувонч улашадилар. Эътибор ва ширин сўзларини баҳшида этадилар. Уларнинг борига шукур, деймиз.

 

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши  матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+