Саломатлик ва бунёдкорлик тараққиёт мезонидир

15.06.2021 15:06:16

Миллат соғлиги давлатнинг стратегик бойлиги ҳисобланади. Фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк келажак ярата олади. Шундай экан, бугунги кунда тиббиётга бўлган эҳтиёж қай даражада қондириляпти? Аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиляптими? Тиббий соҳанинг ижтимоий аҳволи талабга жавоб берадими?

Ушбу саволлар 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда кенг муҳокама қилинди ҳамда тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими олдида турган бешта муҳим йўналишга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Булардан биринчиси – тиббиётнинг бирламчи бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, иккинчиси ихтисослаштирилган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилашдир. Учинчи муҳим йўналиш — рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш, тўртинчиси, тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Бешинчи йўналиш сифатида тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш қайд этиб ўтилди.

Албатта, ушбу вазифалар долзарб ва мақсадлар эзгу. Лекин, уларнинг амалий ижроси, инсонлар ҳаётида акс этиши масаланинг энг долзарб жиҳатидир. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида илгари сурилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминланишининг аниқ механизмлари белгилаб берилди.

Қувонарлиси, тиббиётимизда катта ўзгаришлар сари муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини юқори даражага олиб чиқиш имконияти яратилади. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, мамлакатимизда сиёсий ҳолат барқарор, давлатнинг иқтисодий қудрати тобора мустаҳкамланиб боряпти, ижтимоий ҳолат сезиларли тарзда яхшиланмоқда. Буларнинг барчаси ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Иброхим КЕНЖАЕВ,

Халқ депутатлари Нуробод туман кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+