Янгиликлар 1185
Самарқанд «миллионер» шаҳарга айланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси кўпчилик томонидан интиқлик билан кутилди десам янглишмайман. Чунки унда таъкидланган масалалар, белгиланадиган вазифалар бутун халқимизга тааллуқли бўлишини барча бирдек ҳис этиб турди. Соҳаларда режалаштирилаётган янгиликлар, кишилар кўнглига хўш келувчи ислоҳотлар хабари дилларга қувонч бағишлади. Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Айниқса, биз Самарқандликларни қувонтирган жиҳати – Мурожаатномада Самарқанд шаҳри ҳам алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида Республика бўйсунувига ўтказилиши тилга олинди.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 36 миллион кишига етди. Лекин аҳолининг асосий қисми ҳалигача иш, ўқиш, даволаниш, дам олиш ва бизнес қилиш учун интиладиган шаҳар, асосий «тортувчи марказ» Тошкент шаҳри бўлиб келаётган эди. Хориж тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бу мақом фақат пойтахт шаҳарларга эмас, аҳамияти жиҳатдан улардан қолишмайдиган бошқа шаҳарларга ҳам берилган. Масалан, Германияда Берлин, Гамбург ва Бремен, Қозоғистонда Нурсултон, Олма-ота ва Чимкент, Россияда Москва ва Санкт-Петербург, Қирғизистонда Бишкек ва Ўш ана шундай алоҳида мақомга эга. Эътиборлиси, мамлакатимизда ҳам пойтахтимиз Тошкент шаҳри билан бир қаторда ана шундай алоҳида мақомга лойиқ шаҳарлар пайдо бўлмоқда. Эндиликда воҳа вилоятларида – Самарқанд шаҳри, Фарғона водийсида эса – Наманган шаҳри ана шундай мақомга эга бўлади. Энди мамлакатимизда фуқаролар, инвесторлар, тадбиркорлар интиладиган жой — Тошкент шаҳри сафига, Самарқанд шаҳри ҳамда Наманган шаҳри ҳам қўшилди.
Албатта, бу биз Самарқандликлар учун жуда катта қувонч, ифтихор ҳамда масъулият бағишлади. Ҳақиқатдан ҳам сўнги йилларда Шарқ дурдонаси бўлмиш Самарқандда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги олий ўқув юртлари, туризм ва ишбилармонлик марказлари, саноат корхоналари, янги турар жой массивлари барпо этилди. Жорий йилда эса биринчи марта пойтахтимиздан ташқарида, яъни Самарқанд шаҳрида халқаро даражадаги энг нуфузли тадбирлар — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари юқори даражада ташкил этилди. Бир сўз билан айтганда Самарқанд жаҳонга юз очди.
Табиийки, аҳоли сони ўсиб бораётган ушбу шаҳарларда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалиётга жорий этилаётган бу ислоҳотлар, бу ўзгаришлар одамлар ҳаётида янги имкониятлар эшикларини очади. Ҳозирги Самарқанд шаҳри таркибида 5 та туман бўлиши кўзда тутилган. Чунки миллионлик шаҳарни бошқариш шуни талаб этади. Бундай ўзгаришлар, табиийки, муайян харажатлар талаб этади, лекин унинг ортидан келадиган иқтисодий самара бу харажатларни, албатта, оқлайди. Бундай шаҳарларда ҳаёт доим қайнайди, турли соҳалар, айниқса, хизмат кўрсатиш ҳисобидан кўплаб янги иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади. Чунки одамлар шаҳарларни, тартиб билан ривожланган йирик марказларни бежиз барпо этмаган. Биргина мисол, сиз сартарошлик, соат тузатиш, такси хизмати кўрсатасиз, савдо қиласиз ёки умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этгансиз. Айни шу ишни оддий туман маркази ёки кичик шаҳарда ташкил этиш билан Республика даражасидаги шаҳарда ташкил этиш ўртасида осмон билан ерча фарқ борлиги барчамизга аён.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифлари орқали Самарқанд ва Наманган шаҳарлари расман Тошкент шаҳридан кейинги энг муҳим шаҳарлар мақомини олади, бизнес ва ички миграция учун аҳолига жуда катта имкониятлар яратилади. Бу эса бетакрор, ер юзининг гавҳари саналмиш Самарқанднинг ҳар соҳада янада ривожланишини, янги сарҳадлар, гўзал келажакка юз очишини билдиради.
Муҳиба Бабабекова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг