Самарқанд вилоятини ривожлантиришга қаратилган 5 та драйвер соҳа белгилаб берилди

20.04.2021 14:04:45

Сўнгги йилларда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган ғоя асосида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятларга қилган ташрифлари давомида Республикамизнинг олис ҳудудларигача бориб юртдошларимизга яратиб берилаётган шароитлар билан танишиб, ислоҳотлар самарасини доимий равишда назорат қилиб бормоқда. Жумладан, Президентимизнинг ҳар гал Самарқанд вилоятига қилган ташрифлари давомида вилоятда йиллар давомида ўз ечимини кутаётган муаммолар билан бир қаторда вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган янгидан-янги режалар белгилаб берилмоқда. Эътиборли томони бу каби ташрифлар натижасида вилоят аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда, халқимиз давлатимиз раҳбари бошчилигида белгилаб олинган режа ва мақсадларни амалга ошириш учун жипислашмоқда.

Ўтган ҳафтада президентимизнинг Самарқанд вилоятига қилган икки кунлик ташрифи давомида ҳам вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги кўрсаткичларини янада юксалтириш мақсадида ўтган йилги ташриф давомида белгилаб берилган режалар таҳлил қилиниб, кўплаб янги режаларга қўл урилди. Давлатимиз раҳбари вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун саноат, транспорт логистикаси, йирик индустриал иссиқхоналар, хизмат кўрсатиш ва туризм каби 5 та драйвер соҳани белгилаб берди.

Йиғилишда 2021-2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилганлиги маълум қилинди. Хусусан, белгиланган даврда 12 триллион сўмлик 1 минг 184 та ҳудудий, 18 триллион сўмликдан зиёд 95 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилади. 1,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бугунги кун учун долзарб бўлган 26 мингта доимий иш ўрни яратилади.

Президентимиз вилоят фаоллари ҳамда вазирлик ва тармоқлар раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, нуронийлар, ёшлар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни танқидий ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш борасида ҳам бир қатор аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши натижасида, жорий йилда 915 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиб, 658 километр ичимлик суви тармоқлари таъмирланади. Натижада, 210 та қишлоқ ва маҳалладаги сув таъминоти яхшиланади. Ипотека дастури доирасида 3 минг 450 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиб, 2 минг 200 та оилага субсидия берилади. Бу эса йиллар давомида Ватан ичра ўз ватанига эга бўлиш истагида юрган юз минглаб оилалар кўнглиги илиқлик ва шодлик олиб кирди.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида Қорасув мавзесида янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Ўтган даврда бу лойиҳалар ҳаётга кўчди. “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан мавзеда 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 47 та турар жой қурилди. Бугунги кунда у уйларда 3 минг 588 та хонадон эгалари яшаб келмоқда. Жорий йилда ҳам бу мавзеда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда. Президентимиз қурилиш жараёнлари билан танишиш чоғида уйларни барпо этишда бугунги замонавий ва тежамкор технологиялардан кенг фойдаланган ҳолада хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг вилоятга қилган икки кунлик ташрифи чоғида вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига Самарқанд вилоятини муносиб тарзда тайёрлаш борасида кўплаб режа ва вазифалар белгилаб берилди. Галдаги вазифа эса биз вилоят фаоллари ва халқимиз биржону бир тан бўлиб, бу эзгу ғояларни ҳаётимизга ўз вақтида кўчиришдан иборатдир.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+